Қирғизистондан 5,2 миллиард сўмлик тилла буюмларни ноқонуний олиб кирган шахс ушланди
859 дона заргарлик буюмлари божхона назоратидан яширилган ҳолда олиб ўтилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Андижон ва Фарғона вилоятлари бўйича бошқармалари тезкор тадбир ўтказди. "Водил" чегара-бошқона постида Қирғизистондан Фарғона вилоятига кириб келган, Андижон шаҳрида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган. Унинг устки кийимлари остидан яширилган 859 дона тилла тақинчоқ ва 1 дона қўл соати топилган. Бу ҳақда Zamon.uz'га ДХХ хабар қилган.
Экспертиза натижаларига кўра, бу буюмлар соф олтиндан ясалган бўлиб, айримлари брилянт тошлари билан безатилган. Уларнинг умумий оғирлиги 4 кг 155 граммни, баҳоси эса 5 миллиард 213 миллион сўмни ташкил этади.
Аниқланишича, ушбу қимматбаҳо буюмлар Туркиядан Қирғизистонга олиб келинган ва Андижон ва Фарғонада яшовчи савдогарлар томонидан 400 АҚШ доллари эвазига божхонадан олиб ўтилиши режалаштирилган.
Ҳозирда Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирув давомида ушбу заргарлик буюмларининг асл эгалари аниқланмоқда.







