Қозоғистонда навбатда турган бемор шифокорни калтаклади
Соғлиқни сақлаш вазири шифокорларни ҳимоя қилишга чақирди.

Қозоғистон Республикасининг Қарағанди вилоятида бемор шифокорга ҳужум қилди. Бу ҳақида маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Ҳолат 17 июль куни тушдан кейин вилоят шифохонасининг урология бўлимида юз берган. Жарроҳ операциядан сўнг беморларни кўриш учун тез ёрдам бўлимига тушган. Навбатда турган эркак шифокорни уриб юборган. Натижада шифокор оғир тан жароҳатлари олиб, ҳушини йўқотган ва реанимацияга ётқизилган.
“Ўз ҳаётини сақлаб қолган шифокорларга қўл кўтариш учун инсон қай даражада қўпол ва тажовузкор бўлиши керак? Тинчлик даврида шифокорлар ҳаёти хавф остида қолиши жуда ачинарли. Бу мутлақо ақлга сиғмайдиган ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, деди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Аланазарова.
Вазирнинг таъкидлашича, тез тиббий ёрдам бўлимлари аллақачон хавфли ҳудудларга айланиб улгурган. Шу сабабли ССВ ва ИИВ шошилинч тиббий ёрдам, болалар шифохоналари ва перинатал марказларда туну-кун қўриқлаш постларини кучайтиришга қарор қилди. Шунингдек, тиббиёт муассасалари видеокузатув, ташвиш тугмалари ва бошқа хавфсизлик қурилмалари билан жиҳозланади.
“Тиббиёт ходимларига ҳужум қилганлик учун жазони кучайтириш бўйича қонунчиликка сентябрь ойида ўзгартиришлар киритилади. Бундай ҳаракатларни маиший ҳодиса сифатида эмас, балки жамоат хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолаш керак”, - дея қўшимча қилган вазир.







