Энди мактабдаги ўртача баҳолар тест синовлари баллига қўшилмайдиган
Президент фармони билан баҳоларни ҳисоблаш тизими бекор қилинди.

Эндиликда мактабдаги сўнгги 6 йиллик ўртача баҳолар олий таълимга кириш имтиҳонларида инобатга олинмайди. Бу ҳақда Президентнинг 19 июль куни қабул қилинган ПФ–114-сонли фармонида расман белгиланди.
Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилги қарорига кўра, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб абитуриентларнинг шаҳодатномаларидаги баҳолари ҳам тест балларига қўшилиши керак эди. Масалан, 130 балл тўплаган абитуриентга мактабдаги 3, 4 ёки 5 баҳога мос равишда 3, 4 ёки 5 балл қўшиш режалаштирилганди. Аммо бу тизим 2023 йилда 2 йилга кечиктирилган эди. Энди эса, янги фармонга кўра, бу тартиб умуман бекор қилинди.
Шу тариқа, олий таълимга кириш имтиҳонларида абитуриентлар фақат тест натижаларига асосланиб баҳоланади. Янги тизим “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, фармонда Тошкентдаги Турин политехника университетида талабаларни нафақат Турин университети, балки бошқа илғор хорижий университетларнинг ҳам ўқув дастурлари асосида ўқитиш амалиёти жорий этилиши кўзда тутилган.







