Қирғизистонда 18 ёшли ўзбекистонлик йигит машинада жарликка қулаб ҳалок бўлди
ИИБ ҳодиса бўйича маълумот тақдим этди.

Қирғизистоннинг Баткен вилоятида ўзбекистонлик 18 ёшли йигит Nexia-3 машинасида жарликка қулаб, воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил 21 июль куни Фарғона вилояти Сўх тумани, Ленбур маҳалласида яшовчи 2007 йилда туғилган С.С. Nexia-3 русумли автомашина бошқариб кетаётган пайтда Сўх–Риштон автомобиль йўлининг Қирғизистон Республикаси Баткен вилояти Бужай қишлоғи ҳудудида руль бошқарувини йўқотган ва машина жарликка ағдарилиб кетган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи С.С. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Фарғона вилояти ЙҲХБ оила аъзоларини огоҳлантириб, вояга етмаган ва тажрибасиз ўсмирларга автомобиль калитини бермасликка чақирган.







