Тошкентда қурилиш сабаб катта яшил ҳудуд йўқ қилингани айтилмоқда
Ҳолат бўйича Экология вазирлигига депутатлик сўрови юборилди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Авлиё ота кўчаси, 124-уй манзилида жойлашган катта яшил ҳудуд йўқ қилиниб, ўрнида қурилиш ишлари бошланганига оид хабарлар кенг тарқалди.
Тарқалган суратларда илгари дарахтларга бой бўлган ҳудуд ҳозирда мутлақо теккис ҳолатга келгани, фақатгина тупроқ ва техника қолганини кўриш мумкин. Яшил майдон изсиз йўқ бўлган.
Аҳоли вазиятдан жиддий хавотирда. “Қурилиш зарур, аммо бу табиатни йўқ қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Шаҳар фақат бинолардан эмас, сояли дарахтлар, тоза ҳаво берувчи яшил ҳудудлардан ҳам иборат бўлиши лозим,” — дея норозилик билдирмоқда фуқаролар.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси депутати Наврўзбек Юсупов томонидан Бош прокуратура ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига депутатлик сўрови юборилди.







