Ихстисослашган мактабларнинг имтиҳон натижалари атрофида нималар бўляпти?
Тунда натижалар эълон қилиниб ўчирилгани, унда баъзи юқори балл тўплаганлар ўқишга қабул қилинмагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Кеча, 29 июль куни Телеграмдаги ботлар орқали Ихтисослашган мактабларга ҳужжат топширган ўқувчиларнинг натижалари эълон қилинганди.
Ижтимоий тармоқларда эса айрим юқори балл тўплаган талабгорлар қабул қилинмаган, аксинча камроқ балл олганлар тавсия этилган ҳолатлар акс этган хабарлар тарқалгани кузатилди.
Бу ҳолатга Ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги собиқ матбуот котиби Жўрабек Жангиров муносабат билдириб, имтиҳон натижаларини билиш учун ташланган бот агентлик томонидан ўчирилганини ва мавжудлари эса ишламаётганини маълум қилди.
“Ҳозирча ботлардаги натижалар нотўғри бўлиши мумкин. Ҳозирги натижаларга ишониб хурсанд ёки хафа бўлиб юрманг”, деб ёзади Жангиров.
Ҳозирда ҳар икки пост ҳам унинг саҳифасидан ўчирилган.
Ихтисослашган мактаблар агентлигининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда Таянч ва ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларга қабул имтиҳонлари бўйича расман тасдиқланмаган маълумотлар тарқалмоқда.
Имтиҳон натижалари расман эълон қилинмаган. Айни пайтда натижаларни шакллантириш ишлари якуний босқичда.
“Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги имтиҳон натижаларини бугун куннинг иккинчи ярмида расмий саҳифалари орқали эълон қилинишини маълум қилади”, дейилади расмий хабарда.







