Саудия Арабистонида “360 даража” аттракциони қулаб тушди
Ҳодиса оқибатида 23 киши тан жароҳати олган, 3 нафари оғир аҳволда.

Саудия Арабистонининг Тоиф шаҳридаги кўнгилочар боғда одамлар ўтирган аттракцион ишламай қолиб, ерга қулаб тушди. Бу ҳақида Gazerta.ru нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса натижасида 23 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Жабрланганлар зудлик билан шифохонага етказилган. Уларнинг уч нафарига оғир тан жароҳати етган бўлиб, ҳозирда икки нафар жабрланувчи реанимация бўлимида қолмоқда.
Воқеа жойидан олинган кадрларда аттракцион юқорига кўтарилгач, тўсатдан мувозанатини йўқотиб, пастга қулаб тушгани акс этган.
Ҳодиса сабаблари ҳозирча расман эълон қилинмаган. Маҳаллий расмийлар бахтсиз ҳодиса юзасидан тергов ишларини бошлаган.







