Навоийда ҳавони ифлослантирган 22 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди
Шунингдек, камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхоналарнинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбарияти ҳамда Бош прокуратурадан иборат ишчи гуруҳ Экология вазирининг топшириғига биноан Навоий шаҳрида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Ўрганиш икки йўналишда олиб борилмоқда: биринчиси — шаҳарда қайд этилган оқ туман (ёки оқ тутун) манбаини аниқлаш, иккинчиси — саноат чиқиндилари билан боғлиқ умумий экологик вазиятни яхшилаш.
19 июль куни Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланди. Навоий шаҳри ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда олтингургурт икки оксиди (Sо₂) белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃) эса 1,43 баравар юқори эканлиги маълум бўлган.
Шунингдек, Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 та гуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда.
Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабаларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланган.
22 та корхона фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмаганлиги, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилганлиги, бетартиб чиқиндихоналар яратилганлиги сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилган.







