Ихтиёрийми ёки мажбурий? Андижонда ўқитувчилар мактабдаги таъмирлаш ишларига жалб қилинганига икки хил муносабат билдирилди
Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқитувчилар ихтиёрий равишда “ҳашар” ташкиллаштирганини айтди, Бандлик вазирлиги эса педагоглар бу ишга мажбурланган демоқда.

Аввалроқ Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 42-умумтаълим мактабида ўқитувчилар таъмирлаш ишларига жалб қилингани ва бу бўйича ўрганиш бошлангани хабар қилинганди.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, Марҳамат тумани “Янги ҳаёт” МФЙ ўрамида жойлашган 42-умумтаълим мактаби 1982 йилда қурилиб, 2005 йилда жорий таъмирланган. Мактаб 2023 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 1 миллиард 200 миллионлик қийматга эга эшик ва ромлар билан таъмирланган. 2024 йилги мавсумда 1 миллиард 300 миллион сўм маблағлар ютиб олиниб, спорт майдони қурилган ва мактабнинг олд қисми замонавий кўринишга келтирилган.
Ҳозирда мактабда жами 1 минг 236 нафар ўқувчиларга 74 нафар устозлар таълим беради.
“Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган видеотасвирлардаги ҳолат жорий йилнинг 2 август куни содир бўлиб, унда бир гуруҳ педагоглар томонидан ҳашар жараёнлари амалга оширилаётганлиги акс этган.
Мактаб жамоаси билан суҳбатда улар томонидан ушбу ҳашар ихтиёрий равишда амалга оширилгани таъкидлансада, устозларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмаганлиги сабабли мактаб директори З.М. эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини маълум қиламиз”, дейилади расмий муносабатда.
Орадан бироз вақт ўтиб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳам шу ҳолатга расмий муносабат билдириб, мактаб директорига нисбатан жарима жазоси тайинланганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилингани ҳолати бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жорий йил 4 август куни ўрганиш ўтказилган ва ҳолат тасдиқланган.
Мактаб директори Z.Mamajonovaga Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима қўлланилган.
Ҳозирга қадар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган. Ҳолат эса ижтимоий тармоқда муҳокамалар марказида бўлиб турибди.
“Марҳаматдаги 42-мактабга таъмирлаш учун маблағ ажратилганмиди? Қанча ажратилганди? Нега мактаб охирги 2 йилда фақат Ташаббусли бюджетга эланиб эшигини, ромини, фасадини ва бошқа камини тузатади? Янги вазир бу ҳолатни ўз кўзи билан бориб кўрдими? Ёки вилоятдаги ходимларнинг гапи билан кифоя қилдими?”, дея пост ёзиб қолдирган Отабек Бакиров ўз саҳифасида.
“Агар ўқитувчилар билан “ихтиёрий-мажбурий ҳашар” қилмаганида ўша директор барибир ишдан бўшатиларди. Нима учун дейсизми? Мактаби янги ўқув йилига тайёрмаслиги, ремонт қилинмагани учун.
Бу йўл фақат ўлим йўли, тирик қолиш омадга боғлиқ холос. Видео тарқалмаганда, тирик қоларди. Чунки видеоси тарқалмаган, лекин ҳоким пул ажратмагани учун ўқитувчиларнинг ўзи ишлаётган мактаблар жуда кўп...”, деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.







