265 млн сўмлик зарар: Жиззахда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
Фуқаро газ ҳисоблагичининг фильтр қисмидан резина шланг орқали газ тармоғига уланган.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди.
Ҳолат “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти ходимлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида ўтказилган назорат тадбири давомида аниқланган.
Маълум бўлишича, тумандаги «Саноатчилар» маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Б. хонадонидаги газ ҳисоблагичининг фильтр қисмидан резина шланг орқали газ тармоғига уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.
Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, сарфланган газ ҳажми қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ҳисобланган. Натижада истеъмолчи томонидан 265 миллион 455 минг сўмлик зарар етказилгани маълум бўлган.
Тўпланган ҳужжатлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.








