Жаҳон

Япония Осиё давлатларига энергия инқирозини енгиб ўтиш учун маблағ ажратади

Бир қатор Осиё давлатлари аҳолини автомобиллардан биргаликда фойдаланишга ва кондиционерларни камроқ ишлатишга чақирмоқда.

Япония Осиё давлатларига энергия инқирозини енгиб ўтиш учун маблағ ажратади

Япония Осиёдаги қўшни давлатларга, айниқса Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига энергия таъминотидаги узилишларни енгиб ўтишда ёрдам бериш мақсадида 10 миллиард доллар ажратишини эълон қилди. Ушбу ташаббус Эрон билан уруш оқибатида юзага келган глобал энергия инқирози фонида илгари сурилди. Бу ҳақда Япония бош вазири Санаэ Такаичи Осиё давлатлари етакчилари билан ўтказилган онлайн учрашувдан сўнг маълум қилди, дея хабар бермоқда BBC.

 

Санаэ Такаичига кўра, янги ҳамкорлик механизми Осиё мамлакатларига хом нефть ва нефть маҳсулотларини харид қилишда кўмаклашиш, таъминот занжирларини барқарор сақлаш ҳамда стратегик захираларни кенгайтиришни назарда тутади. 

 

Такаичи Япония минтақа давлатлари билан таъминот занжирлари орқали чамбарчас боғланганини ва ўзаро иқтисодий қарамлик мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, Япония нефтдан олинадиган маҳсулотлар, жумладан тиббий ускуналар бўйича Жануби-Шарқий Осиёга таянади.

 

Мутахассислар қайд этишича, Осиёга энергия таъминоти узилишлари сезиларли таъсир қилмоқда. Бу ҳолат Ҳормуз бўғози орқали юк ташишдаги чекловлар билан боғлиқ. Мазкур денгиз йўлаги орқали ўтадиган нефть ва газнинг қарийб 90 фоизи айнан Осиё давлатларига йўналтирилган.

 

Япония ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ажратилаётган маблағ ҳажми Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси мамлакатларининг бир йиллик хом нефть импортига деярли тенг. Ташаббус Филиппин, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Ветнам, Бангладеш ва Жанубий Корея етакчилари томонидан қўллаб-қувватланган.

 

Лойиҳани молиялаштириш турли манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Жумладан, бунга Япония халқаро ҳамкорлик банки, Япония экспорт ва инвестициялар суғуртаси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Осиё тараққиёт банки каби институтлар жалб этилади.

 

Бош вазир Такаичи мазкур ташаббус Япониянинг ички нефть таъминотига салбий таъсир кўрсатмаслигини билдирди. 2025 йил якунига кўра, мамлакат захиралари 254 кунлик ички истеъмолни қоплашга етарли бўлган. Шу билан бирга, глобал энергия инқирози сабаб ҳукумат захиралардан фойдаланишни бошлаган.

 

Хусусан, ўтган ой рекорд даражада — 50 кунлик нефть захираси бозорга чиқарилди. Май ойи бошида яна 20 кунлик захирани чиқариш режалаштирилган.

 

Лекин Японияда нефтдан олинадиган ва пластмасса ишлаб чиқаришда муҳим хом ашё ҳисобланган нафта танқислиги бўйича хавотирлар кучаймоқда. Бу ҳолат айниқса тиббиёт соҳасида сезилмоқда, чунки шприцлар, қўлқоплар ва диализ ускуналари айнан ушбу модда асосида ишлаб чиқарилади.

 

Расмийлар яқин муддатда жиддий узилишлар бўлмаслигини таъкидлаётган бўлса-да, нафта етишмовчилиги аҳолиси тез қариб бораётган мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига қўшимча босим ўтказиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

 

Жануби-Шарқий Осиёда ҳам вазият кескинлигича қолмоқда. Нефть нархларининг кескин ошиши ортидан ҳукуматлар аҳолига энергияни тежаш чораларини кўришни тавсия қилмоқда. Хусусан, автомобиллардан биргаликда фойдаланиш ва кондиционерлардан камроқ фойдаланишга чақириқлар янграмоқда. Филиппин эса миллий миқёсда энергия фавқулодда ҳолатини эълон қилган.

 

Шунингдек, Япония мезбонлигида ўтган саммитда Филиппин президенти Фердинанд Маркос Жр. АСЕАН доирасида ёнилғи алмашиш механизмини ишга туширишга чақирди. Унинг таъкидлашича, Осиё давлатларидан ҳеч бири бундай миқёсдаги таъминот занжири узилишларига якка ҳолда бардош бера олмайди.

custom img

Каъбани портлатишга уриниш бўлганми? Саудия расмийлари жавоб берди

Ижтимоий тармоқларда Маккада худкуш террорчи қўлга олингани ҳақида видеолар тарқалди.

custom img

9 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди: Покистон Афғонистонга ҳаво зарбалари берди

Покистон “террорчилар лагерлари ва бошпаналари”га зарба берилганини таъкидлади.

custom img

20 баравар қимматлашди: Японияда доимий яшаш рухсатномаси нархи кескин оширилди

Янги мезонларда даромад, пенсия, молиявий активлар ва япон тилини билиш даражаси ҳам ҳисобга олинади.

custom img

Ўқувчилар норозилиги: 2000 киши ҳибсга олинди

Францияда лицей ўқувчиларининг таълим шароитлари юзасидан бошланган норозиликлари кучайди.

custom img

“Музокараларни бошлашга тайёрмиз”: Путин Украина бўйича баёнот берди

Россия президентининг қайд этишича, келишув Россия ва унинг халқи учун мақбул шартларда бўлиши керак.

custom img

Қирғизистон космосга чиқди: мамлакатнинг илк миллий сунъий йўлдоши учирилди

Қирғизистон ва БАА ҳамкорлигида яратилган сунъий йўлдош илк бор орбитага чиқарилди.

custom img

Москва вилоятидаги кимё заводида портлашлар: етти киши ҳалок бўлгани айтилмоқда

Портлаш оқибатида вайрон бўлган бинода 44 киши бўлган.

custom img

Қуёш фаоллиги кучаймоқда: Ерда магнит бўрони кузатилиши мумкин

Британия геология хизмати 2 октябрь куни G1 даражасидаги кучсиз магнит бўрони кузатилиши мумкинлигини маълум қилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"