Эрон урушда ютқазса, Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?
Эрон ва АҚШ ўртасида қабул қилинган 14 кунлик оташкесимни тўхтатиш бўйича келишувга қарамай. Исроил Ливанга қарши ҳужум бошлаган эди. АҚШ расмийлари келишувда Ливан масаласи тилган олинмаганини даъво қилмоқда. Аммо икки мамлакат ўртасида воситачи ролини ўйнаган Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ливан келишувда борлигини айтмоқда. Хўш, аслида вазият қандай, Эрон бу борада қандай фикрда. Уруш вақтида Эрон ўзбекистонлик тадбиркорларни ҳимоя қиладими? Шу каби мавзуларда Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий билан суҳбатлашдик.

(Zamon.uz журналисти Шоҳжаҳон Мажидов Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий билан муҳим мавзуларда интервью ташкил қилди. Биз сизларга қуйида интервьюнинг оддий матнини келтирамиз).
Журналист: Эрон томонидан берилган 10 бандлик музокара режасида Ливан тилга олингани ҳақида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф эълон қилди. Аммо АҚШ Томони нега буни тан олмаяпти? Трамп буни АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокара эканлигини айтмоқда.
Айтиб ўтганимиздек, Нетаняхунинг суди бор. У судда коррупция иши бўйича айбланяпти. Нетаняху худди мана шу суддан қочиб қолиш мақсадида ҳужумларни давом эттириб, шу орқали бу масалани кейинга қолдирмоқчи. Бундан ташқари, Нетаняху Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро жиноят суди томонидан ҳам ҳарбий жиноятчи сифатида тан олинган. Ва ҳозир унинг ҳолати шундан иборатки, у ўзини қамоқхона панжаралари ортида деб тасаввур қиляпти.
Кейинги масала шуки, Исроилнинг ўзи катта бир жиноят натижаси ўлароқ шаклланган давлат. Жиноят Исроил давлати сиёсатининг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Бу янгилик эмас. Бу режим ташкил топганидан буён шу кунга қадар ўзгармаган Ўтган давр мобайнида у қилиниши мумкин бўлган барча жиноятларни содир этган. Улар тинч аҳолини, қисқа муддат ичида 70 000 нафардан ортиқ фаластинликни ўлдирди. Уларнинг 85 фоизи болалар, аёллар ва қариялар эди. Улар одамларни ўлдиришади ва бу қотилликни ўзларининг идеологиясининг бир қисми деб ҳисоблашади. Уларга фарқи йўқ.
Бу одамлар Ливанда Фаластинда ёки Сурияда бўладими, аҳамияти йўқ. Агар қўлидан келса, ҳатто Европада ҳам ўлдиради, Америкада ҳам ўлдиради. Лекин бу тўхтатилиши керак. Ё Америка буни тўхтата олади, ёки биз ҳам қаршилик кўрсатишда давом этамиз.
Демак, бу ўт очишни тўхтатишга Ливан ҳам кирган эди. Покистон ҳам воситачи сифатида Ливан 10 бандлик ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувда борлигини тасдиқлади.
Биз ҳам огоҳлантирдик: агар, ўша қаршилик кўрсатиш ҳаракати кучларига қарши ҳужумларингизни давом эттирсангиз, биз ҳам ўт очишни тўхтатиш келишувидан чиқамиз, deb.Biz 10 бандлик режа бўйича мажбуриятларга амал қилингангандагина, музокарани давом эттиришимиз мумкинлигини айтдик.
Ҳозир ахборий урушлар авж олмоқда. АҚШ ва Ғарбнинг қариб 2 асрга яқин медиалари бор. Эрон қайсидир маънода бу ахборий ҳужумда ютқазяпти. Эрон бундан кейинги ахборий ҳужумларга қандай жавоб беради? Янги медиа тузадими ёки борларини ривожлантирадими? Чунки Эронда ҳозир мавжуд бўлган медиалари блокда.
Агар сиз ҳақиқат ва адолат тарафда бўлсангиз Худонинг ўзи ёрдам беради. Сен ҳаракатингни қил, мен баракасини бераман, дейди. Биз миллиардлаб доллар пул тиксам ҳам Американинг медиа империясини қулата олмаймиз. Лекин, ўша халқнинг адолатини ўртага олиб келишимиз мумкин ва албатта, бу муваффақиятга олиб боради. Масалан, Америкада тўққиз миллион одам эътироз билдириб чиқди. Бугун Европанинг деярли барча мамлакатларида Америка Қўшма Штатларига қарши намойишлар бўлиб ўтяпти. Бугунги кунга келиб, Америка Қўшма Штатларининг ахборот империяси унинг талабларига жавоб бермай қўйяпти. Яъни, халқлар кўпроқ хабардор бўлиб боряпти.
Ҳозир ижтимоий тармоқлар халқнинг қўлида. Яъни, қанақа ахборотни танлаш ҳақида халқнинг ўзи ҳозир қарор қабул қиляпти. Ҳозирги одамлар, осонликча алданмайди. Худо бизга агар ёрдам берадиган бўлса, уларнинг ўзлари қурган, бизга қарши курашиш учун ясаган ахборот империяси, ахборот ресурслари уларнинг ўзига қарши ишлай бошлаши мумкин.
Бизда бир шеър бор: Худо хоҳласа, душман ҳам яхшиликка сабаб бўлиб қолиши мумкин. Яъни, ижтимоий тармоқлар дунё бўйича Эроннинг фойдасига ишлаяпти. Исломнинг фойдасига, адолат фойдасига ишлаяпти. Ҳозир дунёда ҳеч ким бунга рози бўлмайди. Урушнинг биринчи куни болалар ўқиётган мактабга бомба ташлашди. Дунёдаги халқлар буни қабул қилмайди.
Ғазо секторидаги аҳолининг жон бошига 60 килограммдан бомба ташланган. Бунга ҳозир дунёда ҳеч ким рози бўлмайди. Буни тўғри деб ҳисобламайди. Шунинг учун ҳатто Fox News нашри бирор тарғибот материалини берса ҳам, бунга ҳеч ким ишонмайди.
Ҳозир дунёнинг барча минтақаларида, барча нуқталарида, ҳатто энг узоқ қишлоқлардаги одамлар ҳам Инстаграмга кириб туриб, ҳақиқатни билиб олиши мумкин.
Уруш вақтида Эрон ва унинг ҳамкорлари билан иқтисодий имкониятлари чекланди. Ўзбекистон билан вазият ҳозир қандай? Ўзбекистон тадбиркорлари ҳали ҳам Эрон портларидан фойдаланяптими? Агар уруш Эрон хоҳлаганидек якунланмаса мамлакат иқтисодий ҳамкорларига қандай имкониятларни бера олади ёки қандай имкониятларини чеклайди.
Ўзбекистон ва Эрон иқтисодиётлари булар бир-бирини тўлдирувчи иқтисодлар ҳисобланади. Яъни бизга керак бўлган нарсаларнинг ҳаммаси сизда бор. Шунингдек, Ўзбекистонда бўлмаган ва Ўзбекистонга керак бўлган нарсаларнинг ҳаммаси бизда бор.
Бахтимизга, бизнинг ўртамизда иқтисодий рақобат йўқ. Масалан, сизларга кончилик хомашёлари керак, у бизда бор. Мана сизга нефть керак, бизда бор. Ёки, масалан, Ўзбекистонга темир маҳсулотлари керак, у бизда бор. Ёки бизда дуккакли экин маҳсулотларига эҳтиёж катта, бу сизларда бор. Бундан ташқари сизларда, пахта калаваси бор, ўша ипак бор, тўқимачилик маҳсулотлари бор. Буларнинг ҳаммаси Эрон учун керакли нарсалар.
Бундан кейинги масала шуки, Ўзбекистон раҳбарияти ҳам, Эрон раҳбарияти ҳам иқтисодий ҳамкорликдан манфаатдор, буни бўлишини хоҳлашади. Кейин яна бир масала, Ўзбекистон ва Эроннинг хос мутасаддилари доимий алоқада. Яъни, раҳбарият, компаниялар, тадбиркорлар ҳамиша борди-келди ва олди-бердини амалга ошириб туришибди.
Худди шу сабабли ҳам Эрон бугунги кунда Ўзбекистоннинг 17-ташқи савдо шериги ҳисобланади. Албатта, реалликда бундан юқорироқ ўринни эгаллайди. Айрим халқаро муаммолар туфайли, Эрондан келаётган баъзи товарлар бошқа мамлакатники деб кўрсатилади. Бундан ташқари Ўзбекистонга киритилган инвестициялар нуқтаи назаридан Эрон Ўзбекистоннинг энг йирик инвестициявий шериклари қаторига киради.
Бир йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми ўртача 600 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ҳозирги кунда, Ўзбекистонда эронлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган қўшма инвестициявий лойиҳалар амалга ошириляпти.
Бундан ташқари, Эрон ва Ўзбекистон транспорт ва транзит соҳасида ҳам бир-бирини тўлдирувчи давлатлар ҳисобланади. Ўзбекистон орқали Эроннинг Марказий Осиё давлатларига бориши таъминланади, яъни Ўзбекистон орқали боради ва Ўзбекистоннинг Форс кўрфази давлатлари ва ундан ташқарига, очиқ денгизга чиқиши учун Эрон асосий йўлак ҳисобланади.
Албатта, уруш ўзининг таъсирини кўрсатади. Ҳатто ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Лекин бизнинг алоқаларимиз ривожланиб боряпти. Ўша иқтисодий соҳада ҳам, бошқа соҳаларда ҳам. Албатта, шундай бўлиб қолади. Чунки раҳбариятимиз, ҳар иккала давлат шуни хоҳлайди.
Икки йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликларни, савдо-иқтисодий ҳамкорликларни ривожлантириш бўйича йўл харитаси имзоланган. Бу Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов жанобларининг ўтган йили, май ойида Эрон Ислом Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида имзоланди. Ушбу йўл харитасида ҳар иккала давлатнинг тегишли вазирликлари ва идораларининг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Ва биз Худо хоҳласа, белгиланган, имзоланган йўл харитаси бандларини, амалга оширишдаги ҳаракатимизни давом эттирамиз.
Ўзбекистон Республикаси билан дўстона ва биродарларча бўлган муносабатимиз туфайли ҳатто уруш вақтларда ҳам биз икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни тўхтаб қолишига йўл қўймаймиз. Ҳеч қандай нархларни кўтармадик, аксинча баъзи нарсаларнинг қийматини туширдик. Мана шу вазият туфайли ўзбекистонлик тадбиркорларга қандайдир зарар етадиган бўлса биз у зарарни қоплаймиз.
Биз шу пайтгача Ўзбекистон тадбиркорларидан бирор бир ёмонлик кўрмадик, Ўзбекистон халқидан ҳам ёмонлик кўрмадик ва Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам. Кўрган нарсамиз фақатгина биродарлик бўлди. Ва ушбу биродарлигимиз янада мустаҳкамланади, деб ўйлаймиз.
Бундан бир йил олдин Эрон элчихонасида ташкил қилинган матбуот анжуманида элчихона Ўзбекистон ва Эрон ўртасида саёҳат визалари икки ҳафта эканлиги ва визасиз режимни кўпроқ муддатга чўзиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида айтган эди. Хўш, ҳозир вазият қандай? Музокара якунландими?
Бахтимизга, туризм соҳасида бизнинг алоқаларимиз жуда ҳам яхши. Илгари борди-келдилар жуда ҳам кам эди. Ўтган йилдан бошлаб парвозлар, ўзаро авиарейслар сони кўпайди. Мана ҳозир ҳафтада иккита Эрон ва Ўзбекистон ўртасида авиарейс бор ва улар ҳеч қачон бўш кетмаяпти, тўлиб кетяпти. Биз учинчи ва тўртинчи авиарейсларни ҳам ҳафта ичида, бир ҳафтада қўйиш сўровини жўнатдик.
Чунки ўзаро туризмни ривожлантириш учун имкониятларимиз жуда ҳам катта. Албатта, бизда бу йўналиш жуда ҳам катта кучга эга. Туризмнинг бир йўналиши — бу тиббий туризм. Айтайлик, дунёдаги мавжуд касалликлардан бирортаси йўқки, Эронда даволанмаса. Ёки дунёда амалга оширилаётган даволанишлардан бирортаси йўқки, Эрондан арзон бўлса, яъни энг арзони Эронда.
Ҳозирги кунда, бир йилда фақатгина тиббий туризм, яъни даволаниш мақсадида Эронга ташриф буюрувчи туристларнинг сони 1 миллион нафарни ташкил этади. Бу, албатта, биринчи навбатда яхши сифат ва арзон нарх учун. Яъни биз ушбу ғояни қўллаб-қувватлаймиз. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида туризм учун яна бир муҳим жиҳат — бу самолётда бориш ва келиш жуда ҳам арзон. Масалан, икки ярим-уч соат ўртасида парвоз бир томонга.
Мана бундай оғир вазиятда давлатлар бир-бирига ёрдам бериши мумкин бўлган соҳалардан биттаси мана шу туризм ҳисобланади. Эронга кимки бориб келган бўлса, бориб сўрасангиз бўлади. Улар менинг умуман тасаввурим Эрон тўғрисида ўзгарди, ижобий бўлди, деб айтади. Ва кўпчилик биз шу пайтгача Эронга фақат Американинг кўзойнаги орқали қараб келган эканмиз, дейишади. Бу одамларнинг кўзига янги, ҳақиқий, реал воқеликни кўрсатадиган кўзойнакни қўйиб бериш оммавий ахборот воситаларининг вазифаси деб ҳисоблаймиз. Албатта, бу алоқаларда фақатгина яхшилик бор ва ҳеч қанақа хатар ва ёмон нарса йўқ.
Визасиз режимни узайтиришни кўриб чиқяптими?
Энди Эронга туристик мақсадда борадиган ҳар бир киши, Ўзбекистон фуқароси, бир марта борганда икки ҳафтагача бўлса, визасиз бўлади. Ва у бир йилда икки марта бу имкониятдан фойдалана олади, яъни бир йилда икки марта икки ҳафтадан бора олади. Яъни бир йил давомида ҳар бир Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадда Эронга бориб, умумий ҳисобда 28 кун бир йил давомида тура олади. Ва бу туризм учун жуда ҳам яхши имконият деб ҳисоблаймиз. Албатта, ундан ҳам кўпроқ туришни истаса, биз унга виза берамиз. Икки-уч кун давомида виза чиқарилади. Яъни ўзбеклар учун Эронга бориш бўйича ҳеч қанақа муаммо йўқ.








