Саудия Арабистони Маккага кириш қоидаларини кучайтирди
Ҳаж визасига эга бўлган шахслардан ташқари, бошқа барча турдаги визага эга фуқароларнинг Маккага кириши ёки шаҳарда қолиши тақиқланади.

Саудия Арабистони расмийлари зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ҳаж мавсумини тартибли ўтказиш мақсадида Маккага кириш қоидаларини кучайтираётганини маълум қилди.
Қироллик Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, бир қатор янги чеклов ва тартиблар жорий этилган.
Қайд этилишича, 18 апрелдан бошлаб Ҳаж визасига эга бўлган шахслардан ташқари, бошқа барча турдаги визага эга фуқароларнинг Маккага кириши ёки шаҳарда қолиши тақиқланади.
Шунингдек, 13 апрелдан эътиборан Маккага киришни истаган шахслар ваколатли органлардан расмий рухсатнома олиши лозим. Рухсатсиз шаҳарга киришга йўл қўйилмайди.
Маълум қилинишича, Маккада берилган яшаш рухсатномаси, Ҳаж рухсатномаси ёки Абшер Индивидуалс ҳамда Муқеэм платформалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ва Тасреэҳ тизимига интеграция қилинган иш рухсатномаси мавжуд шахсларгина шаҳарга кириши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Саудия фуқаролари, Форс кўрфази давлатлари фуқаролари, резидентлар ҳамда бошқа визага эга шахслар учун Нусук платформаси орқали Умра рухсатномаларини бериш 18 апрелдан 31 майгача вақтинча тўхтатилади.
Расмийлар мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик асосида жазо чоралари қўлланишини билдирди.








