Жаҳон

Туркий дунё ва сунъий интеллект

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг сунъий интеллект ва рақамли ривожланишга бағишланган норасмий саммити бўлиб ўтди.

Туркий дунё ва сунъий интеллект

Қозоғистоннинг маънавий пойтахти Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш масалаларига бағишланган норасмий саммити бўлиб ўтди.

 

Ушбу анжуман минтақамиз нафақат глобал технологик трендларга мослашаётгани, балки ўз қадриятларига таянган ҳолда рақамли келажак қоидаларини мустақил шакллантираётганини кўрсатди. Бугун сунъий интеллект шунчаки самарадорлик воситаси эмас, балки иқтисодий ўсиш ва ижтимоий адолатни белгиловчи глобал кучдир.

 

Сунъий интеллект ва рақамлаштириш бугунги кунда фақат технологик янгиланиш эмас, балки иқтисодий тараққиёт, давлат бошқаруви ва  хизматлар сифати, экспорт салоҳияти ва мамлакат рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик йўналишдир.

 

Агар 2020 йилда унинг глобал бозори 50 миллиард доллар атрофида бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 371 миллиард доллардан ошди. Халқаро прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллект жаҳон иқтисодиётига 13–20 триллион доллар қўшимча қиймат яратади, 2032 йилда эса ушбу бозор ҳажми 2,4 триллион долларга етади.

 

Энг муҳими, сунъий интеллект бугун иқтисодиётнинг барча тармоқларига жадал кириб бормоқда. Сўнгги беш йилда уни жорий этишнинг глобал даражаси соғлиқни сақлашда 76 фоизга, саноатда 68 фоизга, молиявий хизматларда 91 фоизга ҳамда транспорт ва логистика соҳасида эса 74 фоизга етди.

 

Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошади.

 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, ахборот технологиялари хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада 300 минг нафар ёшларни банд қилиш ҳамда мамлакатимизни дунёнинг етакчи рақамли давлатлари қаторига олиб чиқиш вазифаси белгиланган.

 

Ўзбекистонда инновация ва билимларга асосланган Сунъий интеллект хабини ташкил этиш бошланди. Бугун мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури доирасида 1 миллиондан ортиқ бошланғич тингловчилар, 300 мингдан зиёд ўрта босқич тингловчилар ва минглаб юқори малакали мутахассислар тайёрланди.

 

Энг муҳими, сунъий интеллект технологиялари бугун тиббиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва давлат бошқарувида амалий натижа бермоқда. Бу Янги Ўзбекистоннинг билим, инновация ва юқори технологияларга таянган тараққиёт йўлини қатъий танлаганини яққол намоён этмоқда.

 

Алгоритмдан сунъий интеллектгача: Рақамли дунёнинг шарқона илдизлари

Бугунги юқори технологиялар, глобал тармоқлар ва сунъий интеллект даври тўсатдан, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Инсоният эришаётган рақамли тафаккурнинг асл илдизлари минг йил аввалги Биринчи Шарқ Ренессанси даврига ва улуғ аждодимиз Муҳаммад Мусо Хоразмий меросига бориб тақалади. Замонавий математика, тригонометрия ва география ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк алломанинг номи бугун ҳам илм-фаннинг энг юқори чўққиларида янграмоқда.

 

Бугунги кунда оддий ҳисоб-китоблардан тортиб, энг мураккаб нейротармоқлар фаолиятигача бўлган барча жараёнларнинг илмий асосини ташкил этувчи “алгоритм” тушунчаси тўғридан-тўғри Мусо Хоразмий номи билан боғлиқ. Аллома рақамлар, тизимли тузилма ва маълумотларни қайта ишлашнинг мантиқий кетма-кетлигини илмий асосда шакллантириб берган эди. Шу сабабли, Хоразмий мероси замонавий сунъий интеллект даврининг илк ва энг мустаҳкам пойдеворларидан бири ҳисобланади.

 

Шарқнинг илмий мактаби фақат бир аллома фаолияти билан чекланиб қолмади. Кейинги асрларда бу анъана янги кашфиётлар билан изчил бойиб борди. Жумладан, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбекнинг фалакшунослик жадваллари, аниқ кузатувлар ва мураккаб ҳисоб-китобларга асосланган илмий анъаналари бу меросни янада мустаҳкамлади.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинми, бугунги сунъий интеллект ва рақамли трансформация даври ‒ аждодларимиз асос солган илм, мантиқ, ҳисоб ва юксак тафаккур мактабининг замонавий ва қонуний давомидир.

 

Туркистон саммити: Нигоҳ рақамли келажакка

Туркий давлатлар ташкилоти қисқа вақт ичида нуфузли халқаро тузилмалардан бирига айланди. Бугун ташкилот доирасида 20 дан ортиқ йўналишларда амалий ҳамкорлик олиб борилмоқда.

 

Яшил тараққиёт ва рақамли янгиланиш йўлида эришилаётган амалий натижалар ҳамкорлигини алоҳида эътироф этиб ўтиш зарур. Рақамли давлат хизматлари, солиқ бошқаруви ва замонавий инфратузилма каби соҳаларида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

 

Энг муҳими, рақамли ечимлар давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, хизматлар сифатини яхшилаш ва янги иқтисодий ўсиш нуқталарини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Энди ушбу тажрибани сунъий интеллект, инновация ва юқори технологиялар соҳасида умумий тараққиёт манфаатларига йўналтириш вақти келди.

 

Сунъий интеллект ва рақамлаштириш: Туркий дунёнинг стратегик ривожланиш драйверлари

Бугунги кунда сунъий интеллект ва рақамлаштириш жараёнлари шунчаки технологик янгиланиш чегарасидан чиқиб, иқтисодиёт самарадорлиги, давлат бошқаруви сифати, хизматлар қулайлиги, экспорт салоҳияти ҳамда мамлакатларнинг глобал майдондаги рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик йўналишга айланди. Ушбу жадал трансформация шароитида Туркий давлатлар ташкилоти маконида замонавий технологиялар имкониятларидан биргаликда фойдаланиш ва интеграцияни кучайтириш устувор вазифадир. Шу мақсадда, ташкилот доирасида кўп тармоқли ва тизимли ташаббусларни амалга ошириш давр талаби ҳисобланади. Хусусан, мана шу йўналишда бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда.

 

Биринчи: Келажак пойдевори бўлган таълим соҳасида “Хоразмий ‒ туркий билим устози” қўшма таълим дастурини таъсис этиш ва у орқали туркий дунё болалари ҳамда ўқитувчилари учун сунъий интеллектга асосланган ягона таълим муҳитини яратиш мақсадга мувофиқ саналади.

 

Иккинчи: Умумий хавфсизликни таъминлаш йўлида “Туркий қалқон” комплекс дастурини илгари суриш ташкилотнинг стратегик барқарорлигини янги босқичга олиб чиққишига замин яратади. Яъни, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида илғор технологиялар ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган учта стратегик ташаббусни илгари суриш мақсадга мувофиқ. Биринчиси  давлат бошқарувида сунъий интеллектдан масъулиятли, хавфсиз ва шаффоф фойдаланиш тамойилларини белгилайдиган ягона кодексни жорий этиш. Иккинчиси  расмий ахборотнинг ҳаққонийлиги ва манбалар ишончлилигини таъминлашга хизмат қилувчи “Туркий ишонч протоколи”ни шакллантириш. Учинчиси эса экологик хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, мониторинг қилиш ва тезкор чора кўриш имконини берувчи “Туркий яшил қалқон” рақамли атласини ишлаб чиқишдан иборат.

 

Мазкур ташаббуслар давлат бошқаруви самарадорлиги ва очиқлигини кучайтириш, ахборот маконида ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий экологик барқарорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

 

Учинчи: Бугун сунъий интеллект шунчаки технологик тренд эмас, балки глобал геосиёсий ва иқтисодий кучга айланди. Шу боис, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлари ўртасида бир-бирини тўлдирувчи ишлаб чиқариш қувватларини аниқлаш, қўшма лойиҳаларни саралаш ва янги қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга хизмат қилувчи “Саноат кооперацияси учун Туркий сунъий интеллект платформаси”ни яратиш зарурати ошмоқда. Сунъий интеллект фақат йирик корпорациялар ёки мегаполислар монополиясига айланмаслиги керак. Минтақавий қадриятлардан келиб чиққан ҳолда:

  • Технологиялар барча ижтимоий қатламлар учун очиқ ва инклюзив тарзда жорий этилади.

  • Рақамли тенгсизликка йўл қўймаслик учун чекка ҳудудлар ва ижтимоий заиф гуруҳларнинг сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.

 

Тўртинчи: Туркистон саммитида рақамли келажак сари ташланган қадамлар фонида, Туркий давлатлар ташкилоти учун сунъий интеллект соҳасида мутлақо янги, миллий ва минтақавий қадриятларга асосланган стратегия зарурлиги кўринмоқда. Технологиянинг самарадорлиги унинг хавфсизлигидан устун бўлолмайди. Шу сабабли, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ягона Сунъий интеллект этика тамойиллари ишлаб чиқилиши керак. Бу тизим қуйидаги пойдеворларга таянади:

  • Инсон ҳуқуқлари устуворлиги: Алгоритмлар инсон қадр-қимматини камситмаслиги шарт.

  • Шаффофлик ва назорат: Сунъий интеллект қандай қарор қабул қилаётгани тизимли равишда тушунарли бўлиши ва инсон назоратида қолиши лозим.

  • Ижтимоий қалқон: Болалар ва аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатлари рақамли тизимларда биринчи навбатда ҳимоя қилиниши шарт.

 

Бешинчи: Сунъий интеллект ривожланиб боришининг энг катта хавотирлардан бири бу оммавий ишсизликдир. Бироқ, ечим ишчи кучини сунъий интеллектдан сунъий равишда “ҳимоя қилиш” ва технологияларни чеклашда эмас. Аксинча, сунъий интеллектни кичик ва ўрта бизнесга кенг жорий этиш орқали янги иқтисодий ўсиш нуқталарини яратиш ва ходимларни янги технологик муҳитга қайта тайёрлашга замин яратишдир.

 

Фикрларимни мухтасар баён этсам, Туркистон саммитида белгиланган сунъий интеллект йўналиши  аждодларимиз асос солган алгоритмлар ва тафаккур мактабининг қонуний давомидир. Юқоридаги халқаро тажрибаларни минтақавий қадриятларига мослаштирган ҳолда тизимли татбиқ этиш, рақамли дунёда туркий давлатларнинг суверен ва етакчи мавқеини таъминлашга хизмат қилади.

 

Нишанова Камола Барқарор ривожланиш маркази Ахборот сиёсати ва жамоатчилик билан ишлаш бўлим бошлиғи

custom img

Тинчлик кенгаши Ғазони тиклаш бўйича 15 банддан иборат режасини тақдим этди

Режада ХАМАСни босқичма-босқич қуролсизлантириш ва Исроил қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиш назарда тутилган.

custom img

Хитой АҚШ босими остида Кубани кучли қўллаб-қувватлашини билдирди

ТИВ вакили Гуо Сзякун Кубага қарши ташқи аралашув ва сиёсий босимларни қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

custom img

Илон Маск дунёдаги илк триллионерга айланиши мумкин

SpaceX'нинг бозор қиймати қарийб 1,75 триллион долларга баҳоланмоқда.

custom img

Афғонистонда энди 9 ёшли қизларга турмушга чиқишига рухсат берилди

Толибон раҳбарияти аёллар ҳуқуқлари “Ислом шариати асосида ҳимоя қилинаётганини” таъкидлаган.

custom img

Қозоғистон 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар чекланади

Қозоғистон бу борада Австралия ва Европа давлатлари тажрибасини ўрганаётганини билдирган.

custom img

Афғонистонда оилалар тирик қолиш учун қизларини сотишга мажбур бўлмоқда — BBС

БМТ маълумотларига кўра, бу йил Афғонистонга ажратилган гуманитар ёрдам ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 70 фоизга камайган.

custom img

Исроил Эронга қарши янги операция ўтказишга тайёрланмоқда — CNN

Тел-Авивда Теҳрон дипломатик паузадан фойдаланиб вақт ютишга уринмоқда деган хавотир кучаймоқда.

custom img

Британия қироли Чарлз III “вафот этди” — Radio Caroline

Радиостанция эфирида техник хато сабаб қиролнинг вафоти ҳақида нотўғри хабар тарқатилди ва кейинчалик тингловчилар ҳамда қироллик оиласидан узр сўралди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"