Ўзбекистонда 2030 йилгача 1,27 млн гектарда ўрмон барпо этилади
Сурхондарёда 10 минг гектар яшил ҳудуд барпо этиш, Сирдарёда 84 километрлик "яшил девор" яратиш ҳамда Оролнинг қуриган тубида илмий тадқиқотларни кенгайтириш таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш, чўл иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда шаҳарларда "яшил шаҳар" тамойилларини жорий этиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, иқлим ўзгариши, сув танқислиги, ерларнинг деградацияси ва чўлланиш минтақадаги энг долзарб экологик муаммолардан бири бўлиб, қишлоқ хўжалиги барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг қарийб 80 фоизи чўл ва ярим чўл майдонларидан иборат. Ерларнинг шўрланиши, қум кўчиши, чанг бўронлари ва гармселлар, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг айрим ҳудудларида жиддий экологик хавф туғдирмоқда.
Тақдимотда 2026–2030 йилларда чўлланишга қарши курашиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Унга кўра, 1,27 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этиш ва қайта тиклаш, шунингдек, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида 16 минг гектар ҳимоя ўрмонзорлари яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда яшил қопламалар барпо этиш, Сирдарё вилоятининг чегарадош ҳудудларида 84 километрлик "яшил девор" яратиш, тоғ ва тоғолди ҳудудларида "терраса" усулида дарахт ва буталар экиш ҳамда деградацияга учраган ерларда замонавий агротехнологияларни синовдан ўтказиш таклиф этилди.
Президент чўл ҳудудларига фақат экологик муаммо сифатида эмас, балки янги иқтисодий имкониятлар манбаи сифатида қараш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда "чўл иқтисодиёти" ёндашувини ривожлантириш, шўрланган ва қўриқ ерларда барқарор даромад манбаларини яратиш, чўл ўсимликлари уруғчилиги ва кўчатчилигини йўлга қўйиш, галофит ўсимликларни етиштириш, яйловлар маҳсулдорлигини ошириш, чорвачилик, экологик туризм ҳамда илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Бу борада Қорақалпоғистонда чўл ўсимликлари кўчатхоналарини ташкил этиш, Орол денгизининг қуриган тубида илмий экспедициялар ўтказиш, Боботоғ ҳудудида замонавий усуллар асосида писта плантацияларини ривожлантириш ва галофит боғлари тармоғини кенгайтириш таклиф қилинди.
Шунингдек, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ва уруғлар бўйича минтақавий банк яратиш, халқаро фондлар ҳамда хусусий инвестицияларни жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тақдимотда Марказий Осиё давлатлари билан экологик ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё минтақавий илмий-тадқиқот маркази фаолиятини кенгайтириш, "Яшил қалқон" минтақавий дастури доирасидаги амалий лойиҳаларни кўпайтириш ҳамда 2040 йилгача мўлжалланган чўлланишга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуслари илгари сурилди.








