Тўқаев янги президентлик муддатига сайланиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди
Қозоғистон янги Конституцияси амалдаги президентга яна бир бор президентлик сайловида қатнашиш имконини берди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янги Конституция кучга киргани ортидан яна президентликка сайланиш ҳуқуқига эга бўлди. Давлат раҳбарининг ўзи эса 2029-йилги сайловда иштирок этиши ёки муддатидан олдин сайлов ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳозирча жавоб беришга эрта эканини айтди.
Журналист Тўқаевдан 2029-йилги президентлик сайловида ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқидан фойдаланадими ёки муддатидан олдин сайлов ўтказиладими, деб сўради.
“Конституциявий суд шундай қарор қабул қилди. Бу қонуний ва мен қайта сайланиш ҳуқуқига эгаман. Аммо бўлажак сайловларга келсак, сиз айтганингиздек, қайси йилда сайловда иштирок этаман ёки этмайман — бу ҳақда гапиришга ҳали эрта”, — деди Тўқаев.
У буни мамлакат олдида ҳали бажарилиши лозим бўлган кўплаб вазифалар борлиги билан изоҳлади. Президент, хусусан, Қозоғистонни кенг кўламли қурилиш майдонига айлантириш, биринчи навбатда, фуқаролар учун ижтимоий объектлар барпо этиш зарурлигини таъкидлади.
Тўқаев бу мақсадларда Миллий жамғарма маблағларидан фойдаланишга тайёрлигини билдирди.
“Нега биз пулни хориждаги қимматли қоғозларда ушлаб туришимиз керак? Уни халқ фаровонлиги учун ишлатиш мумкин-ку. Мен бу пулларни шунчаки сақлаб ўтиришга қаршиман. Улар халқимиз ва фуқароларимизга хизмат қилиши керак”, — деди Қозоғистон раҳбари.
У дунёдаги вазият мураккаблигича қолаётганини, халқаро шароит мамлакатдан доимий таҳлил ва эътибор талаб қилаётганини қайд этди. Шунга қарамай, Қозоғистонда ички тинчлик ва барқарорликни таъминлашга эришилганини айтди.
Тўқаев мамлакатда иқтисодий ўсиш мавжудлигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич объектив бўлиб, асосий халқаро молиявий институтлар томонидан ҳам тасдиқланган.
Президент президентлик сайловида иштироки бўйича келаси йили аниқроқ жавоб бериши мумкинлигини билдирди.
Маълумот учун, Қозоғистонда янги Конституция 1 июлдан кучга кирган. Март ойида ўтказилган референдумда унинг лойиҳаси қарийб 90 фоиз овоз билан маъқулланган.
Янги Конституция мамлакат сиёсий тизимига қатор ўзгаришлар киритди. Хусусан, икки палатали парламент — Сенат ва Мажлис ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилди, витсе-президент лавозими қайта жорий қилинди ҳамда янги маслаҳат органи — Халқ кенгаши ташкил этилиши белгиланди.
Янги Конституция амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга яна бир бор президентлик сайловида қатнашиш имконини берди. Конституциявий суд ҳам унинг қайта сайланиш ҳуқуқига эга эканини тасдиқлаган.








