Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 млрд долларга етди
Давлат қарзининг 40,7 млрд доллари ташқи, 7,6 млрд доллари эса ички қарз ҳиссасига тўғри келади.

2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан 4,8 млрд долларга ошган. Давлат қарзининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбати эса 27 фоизни ташкил этган.
Жами давлат қарзининг 40,7 млрд доллари ёки 84 фоизи ташқи қарз, 7,6 млрд доллари ёки 16 фоизи эса ички қарз ҳиссасига тўғри келади. Ташқи қарз бир йил ичида 4,2 млрд долларга, ички қарз эса 642 млн долларга ошган.
Ташқи қарз таркибида 21,7 млрд доллар қатъий фоиз ставкасида, 18,7 млрд доллар ўзгарувчан фоиз ставкасида жалб қилинган. Шунингдек, 266 млн доллар миқдорида фоизсиз қарзлар мавжуд.
Ўзбекистон ташқи қарзининг 22,5 млрд доллари халқаро молия институтларидан жалб қилинган. Уларнинг орасида энг йирик кредиторлар:
-
Жаҳон банки — 9,1 млрд доллар;
-
Осиё тараққиёт банки — 8,2 млрд доллар;
-
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки — 2,3 млрд доллар;
-
Ислом тараққиёт банки — 1,2 млрд доллар.
Хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотларидан жалб қилинган қарзлар ҳажми 11,45 млрд долларни ташкил этади. Шундан 3,9 млрд доллари Хитой банклари, 3,1 млрд доллари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа ташкилотлар, 1,3 млрд доллари эса Франция тараққиёт агентлиги ва бошқа кредиторлар ҳиссасига тўғри келади.
Халқаро инвесторлардан жалб қилинган қарзлар қолдиғи 6,8 млрд доллар бўлиб, бу бир йил аввалгидан 1 млрд долларга кўп.
Ташқи қарзнинг қарийб ярми — 20,5 млрд доллар давлат бюджети тақчиллигини қоплашга йўналтирилган.
Шунингдек:
-
ёнилғи-энергетика соҳасига — 5,5 млрд доллар;
-
уй-жой ва коммунал хўжалигига — 3,4 млрд доллар;
-
қишлоқ ва сув хўжалигига — 3,3 млрд доллар;
-
транспорт соҳасига — 3 млрд доллар;
-
соғлиқни сақлаш, таълим, АКТ ва бошқа соҳаларга — 3,7 млрд доллар;
-
бизнесни қўллаб-қувватлашга — 624 млн доллар;
-
кимё саноатига — 605 млн доллар йўналтирилган.
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2019 йилда 17,8 млрд доллар бўлган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич изчил ошиб, 2020 йилда 23,36 млрд, 2021 йилда 26,3 млрд, 2022 йилда 29,2 млрд, 2023 йилда 34,9 млрд ва 2024 йилда 40,2 млрд долларга етган.
2025 йил якунида давлат қарзи 46,85 млрд долларни ташкил этган. 2026 йил 1 июль ҳолатига эса бу кўрсаткич 48,3 млрд долларга етган.
Шу билан бирга, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 27 фоизни ташкил этмоқда. Амалдаги фискал стратегияда давлат қарзининг ЯИМга нисбатини 50 фоиздан оширмаслик мақсади белгиланган.








