5 ёшли қизалоқнинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилади — Шаҳноза Мирзиёева
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари оилага зарур ёрдам ва кўмак кўрсатилаётганини билдирди.

Наманганда беш ёшли қизалоқ билан боғлиқ фожиа юз берганидан буён Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вазиятни назорат қилиб келмоқда. Бу ҳақда Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, воқеанинг илк кунларидан бошлаб мутахассислар ва психологлар қизалоқ ҳамда унинг онаси билан ишламоқда. Оилага зарур ёрдам ва кўмак кўрсатилмоқда.
«Оила бошқа шаҳарга кўчиб ўтади, уй-жой ва зарур реабилитация билан таъминланади», — дея қайд этди Шаҳноза Мирзиёева.
Шунингдек, оилага тўлиқ ижтимоий ёрдам берилади.
Жумладан, қизалоқнинг онасига ўқиш ва ишга жойлашишда кўмаклашиш, зарур бўлса, фамилиясини ўзгартиришга ёрдам бериш режалаштирилган.
Шаҳноза Мирзиёеванинг таъкидлашича, асосий мақсад қизалоқ ва унинг яқинлари хавфсиз шароитда янги ҳаёт бошлаши учун зарур имкониятларни яратишдан иборат.
Масала Президент Администрацияси томонидан алоҳида назоратга олинган. Барча масъул идоралар воқеанинг илк кунлариданоқ ишга жалб қилинган.
«Мазкур жиноят асло жазосиз қолмайди!» — дея таъкидлаган Шаҳноза Мирзиёева.








