89 та ўлим: 2026 йилда мопед ва скутерлар иштирокида 563 та ЙТҲ қайд этилди
Қоидабузарликлар сони бир йил ичида қарийб 20 баробарга ошган.

2026 йилнинг 9 ойида мопед ва скутерлар иштирокида 563 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Уларда 488 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 89 киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, 2025 йил давомида мопед ва скутер ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ қарийб 300 та ҳолат аниқланган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 4 312 тага етган.
Аниқланган ҳолатларнинг 162 тасида мопед ва скутер ҳайдовчилари тегишли ҳужжатларсиз ёки маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани маълум бўлган.
Мазкур кўрсаткичлар мопед, скутер ва кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик талабларини кучайтириш заруратини кўрсатмоқда.
Ҳукуматнинг 2024 йил 17 июлдаги 429-сон қарори билан мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақами белгилари жорий қилинган. Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган.
Шу билан бирга, мопед ва скутерлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда қоидабузарликларнинг кўпайиши уларни бошқаришда тегишли ҳужжатларга эга бўлиш ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш муҳимлигини кўрсатмоқда.








