Андижонда уч қаватли уй ёнди: жабрланганлар йўқ
Ҳозирда ҳодиса сабаби ва зарари аниқланмоқда.

24 ноябрь куни соат 12:37 да Андижон шаҳри «Ишчилар» маҳалласидаги уч қаватли уйнинг томида ёнғин содир бўлди.
ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса ҳақида 112 тизими орқали хабар келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, ёнғинни тезкорлик билан ўчирган.
Ҳодиса оқибатида бинонинг том қисми ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида уйнинг 630 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ҳодисанинг сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.








