Алимент ўрнига уй-жой ва “NEXIA 3”: Тошкентда ота фарзандлари таъминотини олдиндан таъминлади
Ҳозирги кунда мазкур ижро ҳужжатида белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлиги муносабати билан ижро иши қонуннинг 37-моддасига асосан тамомланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор Ф.Ч.дан ундирувчи И.Ч. фойдасига икки нафар фарзандининг таъминоти учун қарздорнинг ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларидан ҳар ойда 1/3 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Давлат ижрочисининг ҳуқуқий тушунтиришлари ва олиб борилган профилактик мулоқотлар натижасида қарздор алимент мажбуриятини ҳар ойлик тўловлар шаклида эмас, балки икки нафар фарзанди 18 ёшга тўлгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент маблағларини олдиндан тўлиқ таъминлаш йўлини танлади.
Ҳисоб-китобларга кўра, икки нафар фарзанд учун улар 18 ёшга тўлгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент маблағлари 319 млн 322 минг 903 сўм миқдорида ҳисобланиб, мазкур мажбурият қарздор томонидан олдиндан бажарилди.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорига асосан, қарздор томонидан икки нафар фарзанди вояга етгунига қадар уларнинг таъминоти учун алимент мажбурияти Миробод туманида жойлашган уй-жой ҳамда “NEXIA 3” русумли автотранспорт воситасини бериш орқали ҳам таъминланди.
Шу тариқа, фарзандларнинг келажаги ва моддий таъминоти билан боғлиқ мажбуриятлар олдиндан ҳал этилиб, алимент тўловларининг мунтазамлиги ва фарзандлар манфаатларининг кафолатланишига эришилди.







