Учрашувга келган йигит калтакланди: икки кишига жиноят иши қўзғатилди
Бухорода ота қизи билан кўришиш учун келган 17 ёшли болани машинада мажбуран олиб кетиб, калтаклади.

Ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВларда Бухоро вилоятида вояга етмаган болага нисбатан зўравонлик қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аниқланишича, 28 август куни Бухоро вилоятида яшовчи Э.Р. қизи О.Д. билан кўришиш учун келган, 2009 йилда туғилган вояга етмаган Э.О.ни мажбуран автомашинага ўтқазиб, қариндоши Ф.Ф.нинг уйига олиб борган. У ерда вояга етмаган йигит бошқа шахслар билан бирга калтакланган.
Терговга қадар текширув доирасида тайинланган суд-тиббий экспертизасига кўра, Э.О.нинг танасининг турли соҳаларида жароҳатлар мавжудлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан 7 сентябрь куни Э.Р. ва Ф.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари ҳамда 105-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани вояга етмаган жабрланувчининг манфаатлари, шаъни ва қадр-қимматини инобатга олиб, ишга оид тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Шунингдек, омбудсман боланинг процессуал ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан кузатувни давом эттиришини маълум қилди.








