Таълимда сунъий интеллект ва инглиз тилидаги дарслар: Президентга янги таклифлар тақдим этилди
Тақдимотда таълим сифатини ошириш, педагогларга методик ёрдамни кучайтириш ва тизимда замонавий ёндашувларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди.
Яқинда Президент фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди. Янги тизимдан кўзланган мақсад таълим, тарбия ва илм-фанни ягона тизимга бирлаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Янги вазирлик олдига мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган босқичлар ва илмий фаолият ўртасидаги узвийликни таъминлаш, тизимни ягона ёндашув асосида бошқариш вазифаси қўйилди. Таълим мазмунини замонавий ва меҳнат бозори талабларига мослаштириш, рақобатни ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда соҳанинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Тақдимотда вазирлик фаолиятини ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга таяниб ташкил этиш, такрорланувчи вазифаларни қисқартириш ва ҳудудий бўғинларнинг масъулиятини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бошқарувни рақамлаштириш ва таҳлилий салоҳиятни ошириш орқали қарорларни ишончли маълумотлар асосида қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.
Мактабгача таълимда болаларни ҳар томонлама ривожлантириш, таълим дастурлари ва методикаларни янгилаш, тарбиячилар малакасини ошириш ҳамда болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини эрта аниқлашга эътибор қаратилди. Таълим муассасаларида замонавий шароитлар яратиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
Мактаб таълимида дарсликларни янгилаш, ўқувчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини изчил ривожлантириш ҳамда баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Педагогларга методик ёрдам кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, айрим мактабларда инглиз тилида таълим бериш тажрибасини йўлга қўйиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.
Касбий таълимда ёшларнинг қизиқишларини эрта аниқлаш, техникумлар дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Корхоналар билан ҳамкорликда дуал таълимни кенгайтириш, халқаро дастурлар ва замонавий ўқув материалларини жорий этиш таклиф қилинди.
Олий таълимда университетлар мустақиллигини кенгайтириш, бошқарув сифатини ва раҳбарларнинг натижа учун масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди. Етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, таълимни ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш ва талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Илм-фан йўналишида илмий кластерларни ривожлантириш, университетлар, лабораториялар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, улар асосида янги маҳсулотлар ва корхоналар яратиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Президент таълимнинг боғчадан олий таълимгача бўлган барча босқичлари ягона вертикал сифатида ишлаши, айниқса мактаб ва университет ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Ҳар бир босқичда таълим сифатига эътиборни кучайтириш, болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, илмий изланишлар натижаларини амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ректорлар ўз университетларининг яқин ва ўрта муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича аниқ режа ва тасаввурга эга бўлиши кераклиги таъкидланди.
Мутасаддиларга билдирилган таклифларни пухта ишлаб чиқиш топширилди.








