Омонатга хиёнат: банк ходими 13 нафар фуқаронинг омонат пулларини ўзлаштирди
Ходим фуқаролардан олинган 1,3 млрд сўмни банк кассасига киритмасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлагани фош этилди.

Чирчиқ шаҳрида тижорат банки бўлими бошлиғи 13 нафар фуқаронинг омонат учун топширган 1,3 млрд сўмини ўзлаштиргани аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкининг БХМ бўлими бошлиғи О.Р. фуқаролар томонидан омонат учун топширилган пулларни банк кассасига кирим қилмагани аниқланган.
У фуқароларнинг пуллари банк кассасига киритилгани ҳақида омонат ҳисобварақларига сохта маълумотлар киритиб, жами 1,3 млрд сўмни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан О.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








