Тошкентда ҳаво сифати бўйича огоҳлантириш берилди: ўзгариш қачон кузатилади?
Пойтахтда тунда ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиши мумкин. Кундузи эса вазият яхшиланиши кутилмоқда.

Тошкентда 10 октябрга ўтар кечаси ноқулай метеорологик шароитлар сабаб ҳаво сифати қисқа муддатга ёмонлашиши кутилмоқда. Тунги ва тонгги соатларда ҳаво сифати халқаро АQI индекси бўйича, асосан, сезгир гуруҳлар учун ноқулай бўлиши мумкин, бироқ миллий стандарт бўйича «яхши» даражада қолиши прогноз қилинмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ваколатли орган маълумотига кўра, тунда ҳаво ҳарорати 14 даражагача пасайиши, шамол тезлиги эса секундига 0–2 метрни ташкил этиши кутилмоқда.
Кучсиз шамол ва ҳарорат инверсияси — ер юзасига яқин ҳаво қатламининг совиб, унинг устидаги ҳавонинг нисбатан илиқ қолиши — атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклаши мумкин. Натижада PM2.5 ва PM10 майда заррачалари ер юзасига яқин қатламда тўпланиб, уларнинг миқдори вақтинча ортиши эҳтимоли бор.
Кундузи ер юзаси исиши ва ҳаво қатламларининг аралашуви кучайиши ҳисобига ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда. Шу сабабли кечки пайтларда очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик тавсия этилади.
Қайд этилишича, атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда.








