Яман чегарасидан узоқроқ туринг: Саудия Арабистонидаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Шунингдек, минтақадаги кескинлик сабабли парвозлар кечикиши ёки йўналиши ўзгариши мумкин.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ватандошларни Яман билан чегара ҳудудларига яқинлашмасликка, хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга ҳамда авиарейслар жадвалидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олишга чақирди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Дипломатик ваколатхона минтақада сақланиб қолаётган кескинлик сабабли парвозлар жадвали, йўналишлари ва транзит қоидаларида ўзгаришлар юз бериши мумкинлигини билдирган. Бу ҳолатлар рейсларнинг кечикиши, йўловчиларнинг бошқа рейсларга ўтказилиши ёки парвоз йўналишининг ўзгаришига олиб келиши мумкин.
Элчихона маълумотига кўра, Саудия Арабистонида ички вазият барқарорлигича қолмоқда, жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмаган.
Шу билан бирга, ватандошларга Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига бормаслик, маҳаллий ҳокимият органларининг хавфсизлик бўйича кўрсатмаларига қатъий амал қилиш тавсия этилди. Шунингдек, ҳарбий объектлар ва турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ёнида олиб юриш сўралди.
Зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқаролари мамлакатнинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.
Элчихона барча ватандошларни эҳтиёткор бўлишга, тинчлик ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.








