Дорихоналарга дори воситалари мажбуран қўшиб сотиляптими? Рақобат қўмитаси ҳолатни ўрганмоқда
Ўзбекистонда айрим дори етказиб берувчилар дорихоналардан буюртма қилинмаган препаратларни ҳам сотиб олишни талаб қилаётгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда айрим импортёрлар ва улгуржи дистрибьюторлар дорихоналарга талаб юқори бўлган дори воситаларини сотишда бошқа препаратларни ҳам мажбурий равишда қўшиб сотаётгани юзасидан шикоятлар тарқалмоқда.
Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатларни ўрганмоқда. Қўмита маълумотига кўра, бундай талаблар кичик тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши, уларнинг фаолиятини чеклаши ва бозордаги рақобатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистонга 305 та корхона томонидан дори воситалари импорт қилинган. Импортнинг 47,2 фоизи 5 та импортёр ҳиссасига тўғри келган.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатда жами 14 598 та дорихона мавжуд бўлган. Шундан 449 таси улгуржи, 14 149 таси чакана дорихоналардир. Чакана дорихоналарнинг 7 940 таси асосий дорихона, 6 209 таси эса филиал ҳисобланади.
“Рақобат тўғрисида”ги қонунга кўра, шартнома тузишда контрагентга бошқа товарни ҳам сотиб олиш ёки реализация қилиш шартини қўйиш айрим ҳолатларда устун музокара кучини суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланиши мумкин.
Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар қўлланиши мумкин. Санкция миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган даврда, бироқ охирги уч йилдан ошмаган муддатда товарларни реализация қилишдан олинган тушумнинг 5 фоизини ташкил этиши мумкин.
Қўмита таъкидлашича, талаб юқори бўлган дориларни харид қилишда бошқа, буюртма қилинмаган препаратларни ҳам мажбурий сотиб олиш шарти қўйилгани ва бу рақобат қонунчилигини бузиши аниқланса, тегишли корхоналарга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилиши мумкин.








