Ўзбекистонда айрим хизматларда қоғоз ҳужжат талаб қилинмайди: 33 та идоравий ҳужжат ўзгартирилди
Эндиликда банклар, нотариал идоралар, аэропортлар ва бошқа ташкилотларда айрим ҳужжатларнинг электрон шаклидан фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистонда айрим хизматлардан фойдаланишда ҳужжатларнинг қоғоз нусхасини тақдим этиш талаби бекор қилинмоқда. Адлия вазирлиги электрон ҳужжатларни қабул қилишга оид ўзгартиришларни назарда тутувчи идоравий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказди.
Вазирлик маълумотига кўра, 2026 йил 20 октябрда 3958 ва 3959-сонлар билан рўйхатдан ўтказилган ҳужжатлар орқали 33 та идоравий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар фуқароларга ҳужжатларнинг электрон шаклини тақдим этиш, тегишли ташкилотларга эса уларни қабул қилиш имконини беради.
Жумладан, биометрик паспорт, ID-карта, туғилганлик ва никоҳ гувоҳномалари, пенсия гувоҳномаси, ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома, уруш қатнашчиси гувоҳномаси ҳамда талабалик гувоҳномасининг my.gov.uz портали ва «Ижтимоий карта» мобил иловасидаги электрон шаклидан фойдаланиш мумкин.
Электрон ҳужжатлар банкларда банк хизматларидан фойдаланиш ва айрим молиявий операцияларда шахсни тасдиқлаш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, Ўзбекистон ичидаги авиарейсларга рўйхатдан ўтиш каби ҳолатларда қабул қилинади.
Шунингдек, рақамли ҳужжатлардан уруш қатнашчиларига компенсация беришда, телекоммуникация хизматлари учун шартнома тузишда, қон ва унинг таркибий қисмларини топширишда донор шахсини тасдиқлашда, ломбардлар билан шартнома тузишда, тиббий-ижтимоий муассасаларда пулли хизматлардан фойдаланишда ҳамда фуқароларни ҳарбий рўйхатга олишда фойдаланиш мумкин.
Маълумот учун, 2024 йил 27 декабрдаги 897-сонли ҳукумат қарорига мувофиқ, шахсни тасдиқловчи ва бошқа бир қатор ҳужжатларнинг ягона рақамли хизматлари жорий этилган.








