Рулда ухлаш оқибати: Андижонда юк машинаси ЙТҲга учради
Юк машинаси йўлдан чиқиб кетиб, яқин атрофдаги турар жойларга зарар етказди.

2026 йил 23 октябрь куни соат 03:30 ларда Андижон вилояти Булоқбош тумани «Найман» МФЙ ҳудудидаги Тошмаҳалла кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ маълумотига кўра, 1990 йилда туғилган Н.С. «HOWO» русумли юк машинасини бошқараётиб, ухлаб қолган. Натижада ҳайдовчи транспорт воситаси бошқарувини йўқотган ва юк машинаси йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, кўча четидаги узум сўритоғига урилган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Бироқ яқин атрофдаги турар жойларга моддий зарар етган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Булоқбош тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчиларни йўлга чиқишдан олдин жисмоний ҳолатига эътибор беришга, чарчоқ ёки уйқу босиши кузатилганда транспорт воситасини бошқармасликка чақирди.








