Иссиқхоналарга янги талаблар: қаттиқ ёқилғи чекланади
Талабларга мослашиш учун иссиқхоналарга муддат берилган, экологик модернизация харажатларининг бир қисми эса давлат томонидан қопланади.

2026 йил 1 декабрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бешта туманидаги иссиқхоналар учун янги экологик талаблар кучга киради. Талабларга жавоб бермайдиган хўжаликларнинг экологик экспертиза бўйича ижобий хулосаси берилмайди ёки аввал берилган хулосанинг амал қилиши вақтинча тўхтатилади.
Ҳукуматнинг 2026 йил 22 октябрдаги 586-сон қарори билан қаттиқ ёқилғида ишлайдиган иссиқхоналарга қўйиладиган экологик талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Махсус экологик тартиб Тошкент шаҳри, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналарга татбиқ этилади.
Низомга кўра, ушбу ҳудудларда иситиш тизимига эга иссиқхоналар табиий ёки суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши керак. Қаттиқ ёқилғида (кўмир, брикет ва биомасса пеллетлари) ишлаётган иссиқхоналар 2026-йил 1 декабрга қадар иситиш тизимини белгиланган энергия манбаларига мослаштириши лозим.
Қаттиқ ёқилғидан фойдаланиш фақат бир қатор талаблар бир вақтнинг ўзида бажарилганда рухсат этилади. Бунинг учун қозон қурилмалари ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозланиши, узлуксиз автоматик мониторинг тизими ўрнатилиб, Экология қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиниши керак.
Шунингдек, ускуналар мувофиқлик сертификатига эга бўлиши, онлайн камералар, қувват манбаи ва захира генератори ўрнатилиши ҳамда ҳосил бўлган чиқиндилар утилизация қилиниши шарт.
Иссиқхоналарда шина, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, жун толаси, ишлатилган мойлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳамда шунга ўхшаш материалларни ёқилғи сифатида ёқиш тақиқланади.
Экологик модернизация учун субсидиялар ва кредитлар ажратилади
Қарорга мувофиқ, 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежовчи экранлар ва самарадор технологиялар, шунингдек, электр, геотермал, қуёш энергияси ҳамда когенерация асосидаги иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат бюджетидан қопланади. Бунда субсидия ҳар бир гектар учун 50 миллион сўмдан ошмайди.
Автоматик мониторинг станцияларини харид қилишни истаган иссиқхоналарга уч томонлама шартнома асосида етти йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Ҳар бир станция учун молиялаштириладиган маблағ 350 миллион сўмдан ошмайди.
2026–2027 йилларда электр, геотермал ва қуёш энергияси ҳамда когенерация асосидаги иситиш тизимларига ўтиш лойиҳалари учун тижорат банклари орқали кредитлар ажратилади. Кредитлар етти йил муддатга, уч йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада берилади. Улар лойиҳа қийматининг 50 фоизигача миқдорни, ҳар бир гектар ҳисобига эса 3 миллиард сўмгача маблағни ташкил этиши мумкин.
Назорат ва мониторинг кучайтирилади
2026 йил 1 декабрдан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган иссиқхоналарга давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси берилмайди. Аввал берилган хулосанинг амал қилиши ҳам белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда иссиқхонани электр, газ ва сув таъминотидан узиш чоралари кўрилади.
Махсус ҳудуддаги иссиқхоналарда ҳар йили 15 октябрдан 15 мартга қадар назорат ва мониторинг ишлари олиб борилади. Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф туғдирувчи омиллар аниқланса, иссиқхона фаолияти ёки ифлослантирувчи манба 10 кунгача вақтинча тўхтатилиши мумкин.








