Зироат Мирзиёева болалар келажагига бағишланган кўргазмага борди
Кўргазмада болаларнинг хавфсизлиги, таълим олиши, ижтимоий ҳимояси ва келажагини танлаш имконияти каби масалалар ёритилди.

«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси саммит меҳмонлари билан биргаликда марказий қаҳрамони бола бўлган кўргазма билан танишди.
Кўргазмада боланинг дунёга келишидан анча олдин — бўлажак онага ғамхўрлик кўрсатишдан бошланадиган ва хавфсиз туғилиш, илк қадамлар, боғча, мактаб, ўсмирлик давридаги мослашув, касб танлаш ҳамда илк меҳнат кунларигача давом этадиган ҳаёт йўли акс эттирилган.
Ташриф буюрувчилар боланинг хавфсизлик ҳисси, яқинлар меҳри, таълим олиши, мулоқот қилиши ва ўз келажагини танлаш имконияти ортида давлат ҳамда жамиятнинг узлуксиз масъулияти мужассам эканига эътибор қаратди.
Кўргазмада ҳар бир қонун, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар боланинг келажаги имкониятларга бой бўлишини таъминлагандагина ҳақиқий мазмун касб этиши ғояси илгари сурилган.
Шундан сўнг меҳмонлар катта қоғоз қайиқ ёнига келиб, унга ўзларининг эзгу орзу ва тилакларини ёзиб қолдирди. Ушбу рамзий ҳаракат умумий умид ва эзгу ниятларни ўзида мужассам этган қайиқни катта сафарга кузатишни ифодалади.








