Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин: бунга нима сабаб бўлади?
Ҳаво сифати халқаро индекс бўйича “ноқулай” даражага етиши мумкин.

24 октябрга ўтар кечаси ноқулай метеорологик шароитлар сабаб Тошкентда майда чанг заррачалари миқдори ортиши кутилмоқда. Тонгдан бошлаб ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши прогноз қилинмоқда.
Халқаро ҳаво сифати индекси (АQI) бўйича кечки ва тунги соатларда ҳаво сифати “ноқулай” даражага етиши мумкин. Миллий индекс бўйича эса кўрсаткич асосан “сариқ” даражада бўлиши кутилмоқда.
Мутахассислар буни тунда ҳаво ҳароратининг пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва кучли ҳарорат инверсияси билан изоҳламоқда. Бундай шароитда атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинуви чекланиб, PM2.5 ва PM10 заррачалари ер юзасига яқин ҳудудларда тўпланиши мумкин.
Тонгда ҳарорат инверсияси заифлашиши билан ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда. Шунга қарамай, эрталаб айрим ҳудудларда ҳаво сифати халқаро индекс бўйича “сезгир гуруҳлар учун ноқулай” даражада сақланиб қолиши мумкин.
Атмосфера ҳавоси сифати махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда.








