Ўзбекистон

Тошкент ҳавоси сифати: ноябрнинг сўнгги кунлари қандай ўтади?

Пойтахтда 27–30 ноябрь кунлари кучли ҳарорат инверсияси кузатилиши мумкин.

Тошкент ҳавоси сифати: ноябрнинг сўнгги кунлари қандай ўтади?

Тошкент шаҳрида ноябрь ойининг сўнгги кунларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши кучайиши мумкин. Хусусан, 27–30 ноябрь кунлари ҳарорат инверсияси кучайиши сабабли ҳавода майда дисперсли PM2,5 заррачалари миқдори ортиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

 

Қўмита тизимидаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ) мутахассислари Тошкент ҳавосининг 2026 йил 1–21 ноябрь кунларидаги ҳолатини метеорологик шароитлар, автоматик мониторинг станциялари ва лаборатория таҳлиллари асосида ўрганган.

 

Таҳлилларга кўра, жорий йил ноябрь ойида ҳаводаги PM2,5 заррачалари миқдори 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоизга камайган. Шунингдек, суткалик рухсат этилган меъёр — 60 мкг/м³ дан ошиш ҳолати жорий йилда 4 кун, ўтган йили эса 15 кун кузатилган.

 

31 октябрдан 20 ноябргача Олмазор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларидан олинган намуналар лабораторияда текширилган. Натижаларга кўра, ноябрь ойида PM2,5 таркибидаги ифлослантирувчи манбаларнинг ўртача улуши қуйидагича бўлган:

 

  • Саноат, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ёниш жараёнлари — 48 фоиз;

  • табиий чанг — 38 фоиз;

  • манбаси аниқланмаган компонентлар — 11 фоиз;

  • оғир металлар — 2 фоиз.

 

Таҳлиллар ифлосланиш манбалари улуши об-ҳаво шароитига қараб ўзгаришини ҳам кўрсатган. Масалан, 31 октябрь — 3 ноябрь кунлари ҳаво турғунлиги ва ҳарорат инверсияси шароитида ёниш жараёнларининг улуши 55 фоизни ташкил этган. 31 октябрдан 2 ноябрга ўтар кечаси эса Олмазор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида бу кўрсаткич 60–61 фоизга етган.

 

9–10 ноябрь кунлари ёмғирдан кейин табиий чанг улуши 15–26 фоизгача камайган, ёниш жараёнларининг улуши эса 64–77 фоизни ташкил қилган. 19–20 ноябрь кунлари шамол таъсирида Олмазор туманида табиий чанг улуши 57 фоизга етиб, кузатув давридаги энг юқори кўрсаткич қайд этилган. 17–19 ноябрь кунлари эса Мирзо Улуғбек туманида оғир металлар улуши 10 фоизгача кўтарилган.

 

Институт маълумотларига кўра, ҳаво турғун бўлган кунларда PM2,5 концентрацияси, айниқса, кечки соатларда ошган. 13–18 ноябрь кунлари соат 22:00 да майда заррачалар миқдори 75 мкг/м³ га етган. Кундузи, соат 13:00 да эса ҳаво аралашуви кучайиши ҳисобига бу кўрсаткич 26 мкг/м³ гача пасайган. Яъни кечки ва кундузги кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ қарийб уч бараварни ташкил этган.

 

ECMWF ансамбль модели асосида тайёрланган прогнозга кўра, ноябрь ойининг қолган қисмида Тошкентда об-ҳаво икки босқичда ўзгаради.

 

22–26 ноябрь кунлари илиқ ҳаво массаси таъсирида кундузги ҳарорат +14…+25, кечаси эса +6…+9 даража бўлиши кутилмоқда. Шамол тезлиги асосан 1–2 м/с атрофида бўлади. 24 ноябрь куни ёмғир ёғиш эҳтимоли 92 фоизни, 26 ноябрь куни кечқурун эса 44 фоизни ташкил этади. 26 ноябрда шамол тезлиги 10–12 м/с гача кучайиши мумкин.

 

Атмосфера фронтлари таъсирида ёмғирли кунларда ҳаво тозаланиши кутилмоқда. Бироқ 22 ва 25 ноябрь кунлари кечки ҳамда тунги соатларда ҳарорат инверсияси сабабли ифлослантирувчи моддалар миқдори қисқа муддатга ортиши мумкин.

 

27–30 ноябрь кунлари эса кучли ҳарорат инверсияси кузатилиши прогноз қилинмоқда. 27 ноябрдан атмосфера фронти ўтиши ортидан антициклон шаклланиши, 27–28 ноябрь кунлари атмосфера босими 1028–1029 гПа гача кўтарилиши кутилмоқда. Бу даврда шамол тезлиги 0,5–1,5 м/с атрофида бўлиши, ёғингарчилик кузатилмаслиги мумкин. Кечаси ҳарорат +4…+5, кундузи эса +10…+12 даража бўлиши прогноз қилинган. Тунги ва эрталабки соатларда туман тушиши эҳтимоли ҳам бор.

 

Мутахассислар айнан шу кунларда, хусусан, иситиш мавсуми билан боғлиқ чиқиндилар таъсирида PM2,5 заррачалари концентрацияси ошиши хавфи юқори эканини таъкидламоқда. 30 ноябрдан атмосфера босими пасайиши ва инверсия хавфи ўртача даражага тушиши кутилмоқда.

 

Таққослаш учун, 2025 йилнинг 22–30 ноябрь кунлари Тошкентда PM2,5 заррачаларининг ўртача концентрацияси 161 мкг/м³ ни ташкил этган ва тўққиз куннинг барчасида суткалик меъёрдан ошиш кузатилган. Жорий йилда эса атмосфера фронтлари таъсири сабабли ўтган йилдагидек узлуксиз юқори ифлосланиш ҳолати кутилмаяпти.

 

Қайд этилишича, 2026 йил ноябрь ойининг дастлабки 21 кунида Тошкент ҳавосининг сифати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли яхшиланган. Бунда ёғингарчилик ва атмосфера фронтлари муҳим роль ўйнаган. Мутахассислар ҳаво сифатини барқарор яхшилаш учун ифлосланиш манбаларини назорат қилиш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш чораларини давом эттириш зарурлигини таъкидламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Иорданияда бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Иорданияда бўлади

Ташриф дастурига кўра, Амман шаҳрида олий даражадаги музокаралар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Янгиланган ўзбек алифбоси: паспорт ва ID-карталар алмаштириладими?

Янгиланган ўзбек алифбоси: паспорт ва ID-карталар алмаштириладими?

“Ўзбек алифбосига киритилган ўзгартиришларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Давлат ташкилотининг собиқ ходими қидирувда эди: у Туркияда ушланди

Давлат ташкилотининг собиқ ходими қидирувда эди: у Туркияда ушланди

У Жиноят кодексининг 167 ва 228-моддалари билан қидирувга берилган бўлиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Қаршидаги хонадонда газ портлади: жароҳатланганлар бор

Қаршидаги хонадонда газ портлади: жароҳатланганлар бор

Ҳозирда ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳолатларини аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда 23,5 мингта хорижий корхона фаолият юритмоқда: энг кўпи савдо соҳасида

Ўзбекистонда 23,5 мингта хорижий корхона фаолият юритмоқда: энг кўпи савдо соҳасида

Саноат, ахборот ва алоқа ҳамда қурилиш йўналишлари ҳам хорижий корхоналар фаолиятида етакчи соҳалар қаторида.

Электр энергияси тўлови: газсиз ҳудудлар учун ойлик базавий меъёр оширилди

Электр энергияси тўлови: газсиз ҳудудлар учун ойлик базавий меъёр оширилди

Янги меъёрдан фойдаланиш учун фуқаролардан ариза ёки қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.

ОТМлар миллий рейтинги: давлат олийгоҳларини рағбатлантириш тартиби белгиланди

ОТМлар миллий рейтинги: давлат олийгоҳларини рағбатлантириш тартиби белгиланди

Рейтинг натижалари эълон қилинганидан кейин 15 иш куни ичида рағбатлантириш маблағлари давлат олий таълим ташкилотига ўтказилади.

3,2 млрд сўм қиморга тикилди: банк ходими мижозлар маблағини ўзлаштирган

3,2 млрд сўм қиморга тикилди: банк ходими мижозлар маблағини ўзлаштирган

Андижонда онлайн қимор билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.