247 млрд сўмлик қоидабузарлик: божхона тўловидан бўйин товлаганларга жазо кучайтирилади
Шунингдек, пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний айланишига оид айрим жиноятларни тергов қилиш ваколати божхона органларига берилиши таклиф этилмоқда.

Олий Мажлис Сенати божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 21-ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонун божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни аниқлаштириш ҳамда божхона органларининг айрим жиноятларни тергов қилиш ваколатларини кенгайтиришни назарда тутади.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда 162 млрд сўмлик 291 та, 2023 йилда 218 млрд сўмлик 207 та, 2024 йилда эса 247 млрд сўмлик 348 та божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолати аниқланган.
Қонун билан Жиноят кодексининг божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга оид 184-моддасига ўзгартириш киритилади. Бу орқали бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни белгилаш тартиби аниқлаштирилади.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ айрим жиноятларни тергов қилиш ваколатини божхона органларига бериш бўйича ўзгартириш киритилмоқда.
Сенаторлар қонун божхона соҳасида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва ҳалол тадбиркорлар учун тенг рақобат шароитларини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.








