Уй фойдаланишга топширилмаган бўлса, кўчиб киришга рухсат йўқ: янги жазо белгиланмоқда
Сенат фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни жойлаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонунни маъқуллади.

Олий Мажлис Сенати белгиланган тартибда фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни жойлаштириш учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонунни маъқуллади.
Қонун Сенатнинг 21-ялпи мажлисида муҳокама қилинди. Унга кўра, буюртмачи ёки пудратчининг масъул ёхуд мансабдор шахсига фойдаланишга қабул қилинмаган кўп қаватли уйга фуқароларни кўчиришга рухсат берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.
Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга мувофиқ, буюртмачилар ва пудратчилар фойдаланишга қабул қилинмаган кўп қаватли уйларга аҳолининг кўчиб ўтишига йўл қўймаслик чораларини кўриши шарт.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу ўзгаришлар уй-жой муносабатларини тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Қонун Сенат томонидан маъқулланди.








