Аттракционда бахтсиз ҳодиса юз берса, зарар қопланади: янги тартиб жорий этилди
Ўзбекистонда аттракционлар хавфсизлиги устидан назорат кучайтирилади.

Вазирлар Маҳкамаси 2026 йил 25 ноябрда аттракционлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган 645-сонли қарорни қабул қилди. Ҳужжат билан кўнгилочар боғлардаги аттракционлар хавфсизлигини таъминлаш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш белгиланди.
Қарорга мувофиқ, аттракционларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини баҳолаш тизими жорий этилади. Бу йўналишда «Саноат хавфсизлиги» давлат муассасаси ваколатли ташкилот сифатида аккредитациядан ўтказилади.
Шунингдек, аттракционлардан фойдаланиш учун рухсатнома беришнинг мажбурий шарти сифатида уларнинг даврий техник текширувдан ўтиши белгиланмоқда. Аттракционларни импорт қилиш, рўйхатдан ўтказиш, улардан фойдаланишга рухсат бериш ҳамда техник ҳолатини мониторинг қилиш жараёнлари ҳам тизимлаштирилади.
Ҳужжатда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш кафолатларини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Бунинг учун туристик объектлар операторлари фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимига ўтказилади.
Бундан ташқари, истироҳат боғлари операторлари учун Касб-ҳунар таълими агентлигининг техник мактабларида қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади.
Қарор Қонунчилик маълумотлари миллий базасида 2026 йил 26 ноябрда эълон қилинган ва шу кундан кучга кирган.








