Тошкент вилоятида тадбиркордан 63 минг доллар талаб қилган ФВВ ходими қамоққа олинди
У 5,04 миллиард сўмлик шартномаларни вазирликдаги алоқалари орқали маҳаллий корхонага олиб берганини даъво қилган.

Тошкент вилоятида тадбиркордан 63 минг АҚШ доллари талаб қилган мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uz’га хабар берди.
Маълум қилинишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тошкент вилоятидаги туманлардан бирида фаолият юритган раҳбар мансаб ваколатидан фойдаланиб, ҳудуддан оқиб ўтувчи учта сой қирғоғини мустаҳкамлаш ҳамда бетон плитали йўл ўтказгичлар қурилиши бўйича умумий қиймати 5,04 миллиард сўмлик шартномаларни гўёки вазирликдаги алоқалари орқали маҳаллий корхонага олиб берганини важ қилиб кўрсатган.
У мазкур корхона раҳбаридан бунинг эвазига 63 минг АҚШ доллари миқдорида улуш талаб қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг март-апрель ойларида ушбу маблағнинг 24 минг доллари олинган.
Шундан сўнг мансабдор қолган 39 минг долларни ҳам беришни талаб қилиб келган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у талаб қилинган пулнинг 25 минг долларини ўзининг “Tracker” русумли хизмат машинасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.








