АҚШ Украина учун “қишки пакет” тайёрламоқчи — Зеленский
Украина президентининг таъкидлашича, АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги можарони қиш олдидан ёки қиш давомида юмшатиш чораларини муҳокама қилмоқда.

АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги можарони қиш олдидан ёки қиш давомида юмшатишга қаратилган эҳтимолий чораларни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Ахios нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ президентининг махсус элчилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер дипломатик жараённи олдинга силжитиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда. Уларнинг айтишича, Россия музокараларга тайёр.
Украина президенти Вашингтон зарур бўлса, Москва билан музокаралар масаласида босим ўтказиши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, америкалик вакиллар Киевга бир қатор янги таклифларни тақдим этган.
Мазкур таклифлар энергетика инфратузилмаси, дон таъминоти, электр энергияси объектлари ҳамда нефть ва газ экспорти билан боғлиқ масалаларни қамраб олади.
Зеленскийнинг таъкидлашича, АҚШнинг асосий мақсади қиш олдидан ёки қиш давомида Россия ва Украинани тинчликка яқинлаштириши мумкин бўлган чораларни аниқлашдан иборат.
Шунингдек, Вашингтон Украина учун ҳаво мудофааси тизимлари ва энергетика соҳасидаги ёрдамни ўз ичига олган алоҳида “қишки пакет” тайёрлашни режалаштирмоқда.
Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер 5–6 сентябрь кунлари Россия ва Украина вакиллари билан учрашган. Улар аввал Москвада, кейин Киевда музокаралар ўтказган. Уиткофф Россия томонидан Украина можаросини ҳал қилиш бўйича янги таклифлар билдирилганини маълум қилган.
Америкалик музокарачилар, шунингдек, Россия, Украина ва АҚШ иштирокидаги уч томонлама музокараларни қайта тиклаш ниятида эканини билдирган.








