2025 йилда ҳайдовчиларнинг рулда ухлаб қолиши сабаб 237 та ЙТҲ содир бўлди - 139 киши ҳалок бўлган.
Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ташвишли статистика қайд этилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан буён ҳайдовчиларнинг рулда ухлаб қолиши оқибатида 237 та йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Натижада 195 нафар фуқаро жароҳатланган, 139 киши эса ҳалок бўлган.
Мутахассислар қайд этишича, чарчоқ ҳолатида транспорт бошқариш маст ҳолда ҳайдаш билан тенг хавфлиликка эга. Айниқса қиш мавсумида хавф ошади: автомобиль салонининг исиши ҳайдовчини тезда уйқучан ҳолатга олиб келади.
Ухлашга мойиллик реакция тезлиги ва эътибор даражасининг кескин пасайишига олиб келади. Мия маълумотни қайта ишлашга улгура олмайди, қарор қабул қилиш секинлашади. Бу эса йўл белгилари, тўсқинликлар, пиёдалар ёки бошқа транспорт воситаларини ўз вақтида сезмай қолиш эҳтимолини оширади.
Энг хавфли ҳолатлардан бири — микроуйқу. У атиги бир неча сония давом этади, бироқ ҳайдовчи буни ўзи сезмай қолиши мумкин. Шу вақтнинг ўзида автомобиль ўнлаб метр масофага бошқарувсиз ҳаракатланиб, ЙТҲга сабаб бўлади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчилар орасида кенг тарқалган нотўғри “уйғотувчи усуллар” — баланд мусиқа қўйиш, деразани очиш, гаплашиш ёки сақич чайнаш — амалий натижа бермаслигини таъкидлади. Улар фақат вақтинчалик ҳушёрлик иллюзиясини беради, аммо организмдаги чарчоқни бартараф этмайди.
Хизмат ҳайдовчиларга чарчоқ сезилганда автомобилни тўхтатиб, камида 20–30 дақиқа дам олишни, иложи бўлса қисқа уйқу қилишни тавсия этади. Қаҳва ёки кофеинли ичимлик бироз ҳушёрлик бағишлаши мумкин, бироқ бу уйқунинг ўрнини боса олмайди.







