1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

2026 йилда ижтимоий объектларнинг энергия самарадорлиги учун 264 млн доллар жалб этилади

Шавкат Мирзиёев энергия самарадорлигини ошириш ва электр бозорини ислоҳ қилиш бўйича тақдимот билан танишди.

2026 йилда ижтимоий объектларнинг энергия самарадорлиги учун 264 млн доллар жалб этилади

 

 

Президент Шавкат Мирзиёев 14 январь куни энергия самарадорлигини ошириш ҳамда электр энергияси таъминотида бозор механизмларини жорий этишга бағишланган тақдимот билан танишди. Халқаро экспертлар хулосасига кўра, Ўзбекистон энергия сарфи юқори бўлган мамлакатлар қаторига киради. Хусусан, биноларнинг якуний энергия истеъмолидаги улуши қарийб 50 фоизни ташкил этиб, бир квадрат метрга тўғри келадиган энергия сарфи Европа давлатларига нисбатан бир неча баробар юқори.

 

Шу боис энергия самарадорлик соҳасида тизимли ислоҳотларни йўлга қўйиш мақсадида алоҳида агентлик ташкил этилган. Унга 2030 йилгача иқтисодиётда энергия сарфини камида 20 фоизга, давлат идоралари ва ижтимоий объектларда эса 15 фоизга қисқартириш вазифаси юклатилган. 2026 йил учун режаларда ижтимоий объектлар ва аҳоли турар жойларини энергия самарадор биноларга айлантириш кўзда тутилиб, бу мақсадлар учун жорий йилда 150 миллиард сўм субсидия ва компенсация ажратилиши белгиланган.

 

Жорий йилги инвестиция дастури доирасида 770 та ижтимоий объект энергия самарадорлик стандартлари асосида модернизация қилинади. Ушбу лойиҳаларга халқаро молия институтларидан 264 миллион доллар маблағ жалб этилиши режалаштирилган. Шунингдек, саноат соҳасида энергия тежамкорликни ошириш чоралари белгиланди: 142 та тўқимачилик корхонасига қуёш панеллари ўрнатилиб, 722 миллион киловатт-соат электр энергияси ҳамда 693 миллиард сўм маблағ тежалиши кутилмоқда.

 

Тақдимотда электр энергетикаси соҳасида рақобатли бозор механизмларини жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Паст кучланишли электр тармоқларини хусусий секторга бериш ишлари Самарқанд вилоятидан бошланиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга кенгайтирилади. Президент энергия самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва энергетика бозорида рақобат муҳитини шакллантириш муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга белгиланган чора-тадбирларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика