Ўзбекистонда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президентнинг “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб амалда мавжуд “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда “Камбағал оилалар реестри” негизида ягона Ижтимоий реестр жорий этилади.
Янги реестрга киритилган оилалар уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб қуйидаги тоифаларга ажратилади:
Давлат таъминотидаги оила — меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган, ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
Камбағал оила — меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган, бироқ бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
Камбағаллик чегарасидаги оила — бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган оилалар.
Янги Ижтимоий реестр давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамни манзилли, шаффоф ва эҳтиёжга мос тарзда ташкил этишга хизмат қилади.
Шунингдек, Фармон билан “Маҳалла еттилиги” ваколатлари кенгайтирилди. Энди у оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган айрим оилаларни тавсия асосида “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур тоифага қуйидаги оилалар киритилиши мумкин:
I ва/ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёки болаликдан ногиронлиги бўлган шахс мавжуд оилалар;
боқувчисини йўқотган ёки боласини ёлғиз тарбиялаётган оилалар;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар;
оила аъзоси муддатли ҳарбий хизматда ёки жазони ижро этиш муассасасида бўлган оилалар;
оила аъзоси психиатрия, наркология, сил касалликлари диспансерларида ҳисобда турган, шунингдек, онкология марказларида рўйхатда бўлган ёки гематология, иммунология, жигар ва буйрак етишмовчилиги каби оғир касалликларга чалинган шахс мавжуд оилалар;
ёнғин, бахтсиз ҳодиса, табиий ёки техноген фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган оилалар.
Мазкур механизм оғир вазиятга тушиб қолган оилаларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга давлат томонидан тезкор ва манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилган.


