У вақтларда ҳозиргидек Интернет, телевидение ва ҳатто хонадонларда радио ҳам йўқ эди. Одамлар шаҳар ва қишлорқ марказларига қўйилган радиокарнай орқали янгиликлардан хабардор бўлишарди. Ана ўша — кўчаларга ўрнатилган радиокарнайлар эрталабдан бошлаб “хукуматнинг муҳим баёноти” ҳақида қисқа хабар бера бошлади. Тушдан кейин “уруш бошланди” деган совуқ ва шу билан бирга даҳшатли хабарни тарқатди. Шу тариқа урушнинг оғир даври бошланди. Уруш ҳар бир хонадонда из қолдирди. Қайғу-алам, айрилиқ, жудолик ҳеч бир уйни четлаб ўтмади.
Иккинчи жаҳон уруши ҳақиқатан ҳам инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган эди. Бу уруш халқимиз бошига қандай оғир азоб-уқубат ва талафотлар, беҳисоб қурбонлар келтирганини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди.
Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этарди. Меҳрибон ота-онасини, азиз фарзандлари, табаррук она юрт тупроғини ҳимоя қилишга отланган бу ботир инсонлар кечаю кундуз қон кечиб, Москвадан то Берлингача бўлган оловли йўлларни қаҳрамонларча босиб ўтдилар. Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлди, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтди. Бу ёвуз уруш туфайли қанча-қанча оилалар ўз боқувчисидан ажралди, гўдаклар етим, аёллар бева бўлиб қолди. Ўз жигарбандидан жудо бўлган минг-минглаб оналар қалбидаги алам ва изтиробни ифода этишга сўз ожиз. Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган. Уруш йилларида Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Юртимиздаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилди, барча имкониятлар фронт учун, ғалаба учун сафарбар этилди.
Ўлкамизга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни ишга туширишда ишчи ва муҳандислар билан бирга аёллар ва кексалар, ўспирин болалар мардлик ва матонат билан меҳнат қилдилар.
Уруш даврида халқимиз томонидан фронтга 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғ, юзлаб ҳарбий-санитария поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, жуда катта миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилди. Ўзбекистон меҳнаткашлари тўплаган маблағлар ҳисобидан ўнлаб ҳарбий самолёт ва танклар, жанговар машиналар барпо этилди.
1941-1945 йилларда мамлакатимиз собиқ Иттифоқ миқёсидаги улкан госпиталга айланди. Бу ерда минг-минглаб жангчилар даволаниб, уруш ва меҳнат фронтларига қайтдилар.
Ўша суронли йиллар ҳақида гапирганда, халқимизнинг олижаноб гуманистик фазилатлари тўғрисида ҳар қанча фахрланиб, ғурурланиб сўз юритсак, арзийди, албатта.
Ўзбекистон уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион кишини ўз яқинларидек кутиб олди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Юзлаб ўзбек оилалари эвакуация қилинган етим болаларни ўз тарбиясига олди. Охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди”.
Кишилик тарихидаги энг қонли, энг катта йўқотиш ва мислсиз қурбонларга, эл-юртимиз ўртасида қанча-қанча мусибат ва офатлар, ғам-аламларга, бева-бечоралар ва етимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бешафқат уруш ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун бундай фожиа ва балоларнинг олдини олиш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш зарур. Афсуски, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, миллатчилик, шовинизм каби хавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди.
Урушлар инсониятининг “тарихий йўлдоши” бўлиб келгани тан олинади. Олимларнинг фикрича, беш минг йиллик тарих давомида ер юзида 14 минг 500 та уруш бўлиб ўтган. Бу урушлар оқибатида 3,5 миллиард киши халок бўлган. Авваллари ибтидоий даврда урушлар бўлмагани айтиб келинар эди. Энди маълум бўлишича, ўша даврларда ҳам аждодларимиз бир-бирларига қурол ўқталган экан.
Инсоният тарихи шуни кўрсатиб турибдики, шу кунга қадар одамлар табиий офатлар (зилзила, сув тошқинлари, қурғоқчилик, турли касалликлар)ни бартараф этиш билан шуғулланиб келган бўлса, эндиликда инсонларнинг ўзлари табиат ва жамият инқирозига сабаб бўлмоқда. Жамиятдаги ҳар қандай ўзгариш табиатга таъсир қилмасдан қолмаяпти. Ядро қуроли яратилиши билан инсоният олдида уруш ва тинчлик муаммоси долзарб аҳамиятга эга бўлди. Журналистлардан бири А.Эйнштейнга учинчи жаҳон уруши хақида савол билан мурожаат қилганида, у “учинчи жаҳон урушида қандай қуроллар билан жанг қилишларини билмайман-у, аммо тўртинчи жаҳон уруши таёқлар билан бўлишига ишонаман” деган экан. У бу сўзлари билан учинчи жаҳон уруши ер юзини остин-устун қилишига шаъма қилиб ўтганига шубҳа йўқ. Бугунги кундаги қуролланиш, давом этаётган қирғинбаротлар буюк олимнинг фикрларини исботламоқда. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда дунё мамлакатлари эга бўлган ядро қуролларининг атиги беш фоизи ишлатилган тақдирда ер шарини ўз ўқидан чиқиб кетишига олиб келар экан. Агар вазият шу даражада давом этадиган бўлса, у ҳолда ер юзидан нафақат инсонлар йўқолиб кетади, балки сайёрамизнинг ўзи ҳам йўқ бўлиб кетиши турган гап.
Ўзи нимани талашяпмиз, деган саволни берадиган одам борми?
Таҳлилчиларнинг фикрича, XIX асргача урушлар мамлакатларнинг иқтисодиётига деярли таъсир қилмаган. Аммо XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрдан бошлаб урушлар нафақат мамлакат иқтисодиётида, балки кенг омманинг турмуш тарзида акс эта бошлади. Эндиликда ҳарбий ҳаракатларда бир-икки давлат эмас, балки кўплаб мамлакатлар иштирок этмоқда. Биринчи жахон урушида 70 миллиондан ортиқ киши иштирок этган бўлса, Иккинчи жахон урушида 110 миллионга яқин киши қатнашди. Европа мамлакатларида бўлиб ўтган урушлар тахлил қилинар экан, XVII асрда — 3,3 миллион киши, XVIII асрда — 5,4 миллион киши, XIX аср ва XX аср бошларида (Биринчи жахон урушига қадар) — 5,7 миллион киши, Биринчи Жаҳон уруши (1914 йилнинг 28 июль – 1918 йилнинг 11 ноябри)да — 9 миллиондан ортиқ киши, Иккинчи Жаҳон уруши (1939 йилнинг 1 сентябрь – 1945 йилнинг 2 сентябри)да эса 50 миллиондан ортиқ кишининг ҳалок бўлгани айтилади. 1945 йилдан 1990 йилгача бўлган даврнинг 2 340 ҳафтасида атиги уч хафтасида ер юзида уруш бўлмапти. ХХ асрнинг 90 йилларида ер юзида 100 дан ортиқ ҳарбий ҳаракатлар қайд қилинган. 90 дан ортиқ давлат иштирок этган бу урушларда 9 миллионга яқин киши халок бўлди. Биргина 1990 йилда ер юзида 31 та қуролли тўқнашув қайд қилинган. Урушлар хукмдорларнинг шуҳратпарастлиги туфайли келиб чиқади. Ўтган асрнинг 90 йилларидан бошлаб қуролли тўқнашувларнинг янги кўриниши — миллатлараро тўқнашувлар, рангли инқилоблар пайдо бўлди. Рангли инқилоблар юз берган мамлакатлардаги вазият таҳлил қилинадиган бўлса, одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиш ўрнига баттар ёмонлашгани, мамлакат турли бўлакларга бўлинган ҳолда маҳаллий кланлар томонидан бошқарилаётганини, миллатчилик, шовинизм авжига чиққанини кўрамиз. Хокимиятни қўлга киритган муҳолифат вакиллари ўртасидаги келишмовчиликлар ҳам мамлакат пароканда бўлишига сабаб бўлмоқда.
Қуролланиш пойгасини тўхтатиш, ҳарбий харажатларни камайтириш орқали маблағларни мамлакатлар иқтисодиётининг бошқа тармоқларига йўналтириш мумкин. Ҳарбий харажатлар ўндан бир қисмига камайтирилган тақдирда ҳам ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодиётини яхшилашга, бу мамлакатлар аҳолисининг турмуш шароитини тубдан ўзгартиришга омил бўлар экан.
Урушлар туфайли шаҳарлар, тарихий обидалар вайрон бўлаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Жангарилар Мосулдаги марказий кутубхонани портлатиб юбориши ва ўт қўйганларидан сўнг жаҳондаги энг қадимий деб айтилаётган кутубхона ҳовлисида китоб ва қўлёзмаларни ёқиб, гулхан ясашди.
Умумий ҳисобда маданият, фалсафа ва тарихга оид 10 минг том китоб йўқ қилинди. Улар орасида юзлаб манускриптлар бор эди. Жангарилар Мосул музейидаги дурдоналар – минглаб йиллар давомида кўзни қувонтириб турган бебаҳо санъат асарларини бир неча дақиқа ичида ер билан яксон қилди. Террорчилар бульдозерлар ёрдамида Юнус Пайғамбарнинг қабри ва масжидини ҳам бузиб ташлашди. Шу ўринда Афғонистоннинг Бомиён вилоятида Толиблар томонидан қадимий улкан Будда ҳайкалларининг вайрон этилганини ҳам эслатиб ўтиш керак. Тоғ бағрига эрамизнинг III-VII асрларида ўйиб ишланган ҳайкаллар портловчи моддалар ёрдамида портлатилганди. Малидаги вазият ҳам кишини ташвишлантиради. Жангарилар Тимбукту шаҳридаги ноёб архивга ўт қўйди. Бу ердаги қадимий омборхона ва янги Тадқиқот Марказида жаҳон мероси саналмиш – яъни XII-XIII асрларда яратилган биология, астрономия, тарих, математика, мусиқа ва бошқа фанларга оид юз мингдан ортиқ қўлёзмалар, манускриптлар сақланарди. Террорчилар шаҳарнинг маданий қадриятларини, жумладан қадимий Жингуеребер масжиди ва сўфийларнинг қадамжолари ҳамда мақбараларини таҳқирлашди, бузиб ташлашди. Террорчиларнинг кўр-кўрона xатти-ҳаракатлари оқибатида инсоният ўзининг тарихий ва маънавий бойлигидан маҳрум бўлмоқда. Мусулмон мамлакатларида истиқомат қилувчи аҳоли террорчиларнинг бу ишлари муқаддас ислом динига мос келмаслигини англаб етган. Бироқ номусулмон халқлар эса, бу каби ишларни кўриб, “ислом дини бузиш, вайронагарчилик келтириш, бегуноҳ одамларни ўлдириш экан-да”, деган фикрга келиши аниқ. Тарихий обидаларни йўқ қилиш халқнинг ўтмишидан жудо қилишни англатади. Маданият ўзини янгилай олмайди. Йўқ қилинса, қайта тикланмайди. Ироқ, Сурия, Афғонистон, Малидаги қадимий санъат асарлари энди йўқ ва ҳеч қачон қайтмайди. Бу жиноятни сиёсий ва диний жиҳатдан ҳам асло оқлаб бўлмайди. Бегуноҳ одамларнинг қонини тўкаётган ва шу тариқа муқаддас динимизга доғ тушираётган “Аш-Шабаб”, “Боко ҳарам” каби террор ташкилотларининг кирдикорларига ҳам асло кўз юмиб бўлмайди.
Агар халқаро жараёнларни таҳлил қиладиган бўлсак, инсоният олдида пайдо бўлаётган муаммо ва зиддиятлар дунёда ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, бир-бирини эшитмаслик, ўз кучига ортиқча баҳо бериш, ўзгаларга беписанд қараш натижасида юзага келаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Айниқса, давлатлараро муносабатларда ўзаро ишончнинг сусайиши ва ишончсизлик кайфиятининг ўсиб бораётгани глобал муаммоларни тинч йўл билан, музокаралар воситасида ҳал этишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Урушлар жамиятда ижтимоий бошбошдоқликларни келтириб чиқаради. Урушга қарши энг самарали кураш бу урушлардан воз кечишдир.
Ҳеч қайси халқ урушни хоҳламайди. Бизнинг халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Фақат тинчлик ва осойишталик бўлган, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм сураётган давлатда, жамиятда фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш мумкин, энг эзгу орзу-мақсадларга етишиш мумкин. Бугун биз қурбонлар хотираси олдида таъзим қиламиз.
Шарофиддин Тўлаганов


