1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

9-синф ўқувчиси 3-синф ўқувчисини калтаклагани юзасидан расмий муносабат билдирилди

Бектемир туманида юқори синф ўқувчиси велосипед ҳайдаб кетаётган 3-синф ўқувчисини тепиб юборган.

9-синф ўқувчиси 3-синф ўқувчисини калтаклагани юзасидан расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Бектемир туманида 9-синф ўқувчиси томонидан 3-синф ўқувчисига тан жароҳати етказилгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар органлари томонидан қуйидаги маълумот берилди.

 

Жорий йил 4-октябрь куни соат 16:20 ларда 2010 йилда туғилган вояга етмаган С.А. Бектемир туманидаги 290-сонли мактаб ҳудудида 2016 йилда туғилган Ф.А. билан оғзаки тортишувга киришган. Можаро давомида С.А. велосипедда ҳаракатланиб кетаётган Ф.А.ни оёғи билан тепиб юборган, натижада у йиқилиб, юз қисми билан ерга урилиб тушган.

 

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчи Ф.А.да юқори лабнинг шиллиқ қавати йиртилиши, юқори жағ тишларининг чиқиши, шунингдек пешона, ёноқ, елка ва қўл кафтларида юмшоқ тўқима лат ейишлари аниқланган. Жароҳатлар соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари деб баҳоланган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Жараён Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан шахсан назоратга олинган.

 

Шунингдек, вояга етмаган С.А.нинг онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жавобгарликка тортилган.

 

Мактаб маъмурияти ва ота-оналар билан профилактик тушунтириш ишлари ўтказилди ҳамда келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур чоралар белгиланди.

 

Текширув якунида қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика