Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 290-сонли мактаб ҳудудида 9-синф ўқувчиси 3-синфда таҳсил олаётган кичик ёшли бола билан жанжаллашиб, унга жисмоний зарар етказгани ҳақида хабар тарқалди.
Маълумотларга кўра, жабрланувчи бола 293-сонли мактаб ўқувчиси бўлиб, ҳодиса 4 октябрь куни содир бўлган. Можаро натижасида боланинг лаб қисми ёрилиб, жароҳат тиббиёт муассасасида тикилган. Шунингдек, бир нечта тишларига ҳам шикаст етгани айтилмоқда.
Жабрланувчининг яқинлари воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Таълим муассасаларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, ўқувчилар ўртасидаги низоларнинг олдини олиш ҳамда педагоглар назоратини кучайтириш масаласи тегишли ташкилотлар диққат марказига олингани билдирилмоқда.


