Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров мамлакатда турли оғир касалликларнинг ёшлар орасида кенг тарқалиб бораётгани ҳақида фикр билдирди. Депутатнинг таъкидлашича, бу ҳолатнинг асосий омилларидан бири — фармацевтика соҳасининг тижоратлашиб кетганидир.
“Бугунги кунда юрак ҳуружлари, инсульт, қандли диабет, онкологик касалликлар ёшлар орасида ҳам кўпаймоқда. Бу жараён фармацевтика бизнесининг кенгайиб бориши билан боғлиқ эмасми? Соғлиқни сақлаш тизимида инсон саломатлиги эмас, дори воситаларини сотиш устувор мақсадга айланиб қолди”, — деди Қодиров.
Депутат, шунингдек, диабет билан оғриган беморларга мўлжалланган рецептларнинг шаклланишига эътибор қаратди. Унинг айтишича, айрим ҳолларда беморларга дори сифатида парҳез қўшимчалари тавсия қилинмоқда ва бу уларнинг соғлиғига фойда келтирмайди.
“Бемор бир ярани даволаш учун дорихона эшигини қоқса, унга миллионлаб сўмлик дорилар ёзиб берилади. Аммо уларнинг кўпи аслида парҳез қўшимчалар. Беморни ‘товар’ сифатида кўрадиган тизимни ўзгартириш зарур”, — дея таъкидлади сиёсатчи.
Шунингдек, Алишер Қодиров кучли таъсир кўрсатадиган дори воситалари ва антибиотикларни фақат шифокор рецепти асосида сотиш бўйича назоратни кучайтириш зарурлигини билдирди.
Депутатнинг ушбу чиқиши ижтимоий тармоқларда кенг резонанс келтириб чиқарди. Фойдаланувчиларнинг кўпчилиги фармацевтика соҳасида назоратни кучайтириш ва бемор манфаатларини устувор қўйиш зарурлигини қўллаб-қувватлаган.


