Ички ишлар бош бошқармаси собиқ депутат, тадбиркор Олим Сулаймоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот берди.
Расмий хабарга кўра, 1964 йилда туғилган Олим Сулаймоновга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) бўйича иш юритилмоқда.
Тергов органлари маълум қилишича, у бир неча бор чақирув қоғозлари орқали расмий тарзда сўроқ учун чақирилган бўлсада, терговга келишдан қасддан бўйин товлаб келган. Шу сабабли, 14 октябрь куни у қонуний тартибда тергов органларига мажбуран келтирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. ИИББ, шунингдек, тергов жараёнига аралашиш ёки босим ўтказишга уриниш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Маълумот учун, Олим Сулаймонов 2017 йилда суд ҳукми билан уч йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этилган, бироқ ўша йилнинг 5 декабрь куни озодликка чиққан эди.


