Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги 71-мактабда содир бўлган нохуш ҳолат юзасидан масъуллар жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
6 октябрь куни соат 9:30 атрофида мактабнинг кадрлар бўйича мутахассиси К.С. синфга кириб, 3-синф ўқувчисини урган ҳолат юз берган. Аниқланишича, К.С. бу ишни фарзандининг шикояти асосида амалга оширган — боланинг ўғли танаффус вақтида синфдоши томонидан урилганини айтган.
Мазкур ҳаракатлар ижтимоий тармоқларда тарқалган видео орқали жамоатчилик эътиборига тушганидан сўнг, воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ўтказилган.
Суд-тиббий экспертиза натижасига кўра, жабрланган бола енгил тан жароҳати олган. Иш ҳозирда суд кўриб чиқишида.
Натижада мактабнинг кадрлар бўйича мутахассиси меҳнат интизомини бузганлиги сабабли лавозимидан озод этилди. Шунингдек, ҳолат юзасидан ички назорат етарли даражада таъминланмагани учун мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига интизомий жаза қўлланилди.
Таълим бошқармаси бундай ҳолатлар қатъий назорат остида эканини, педагогик жамоаларда болаларга нисбатан зўравонликка мутлақо тоқат қилинмаслигини алоҳида таъкидлади.


