Афғонистонда 21–23 январь кунлари давом этган кучли қор ёғиши ва жала ёмғирлар камида 61 кишининг ҳаётига зомин бўлди, яна 110 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда Миллий табиий офатларни бошқариш бошқармаси (НДМА) маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, табиий офатлар натижасида мамлакат бўйлаб 458 та уй қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган. Энг кўп талафотлар инфратузилмаси заиф бўлган тоғли ва чекка ҳудудларда қайд этилган.
НДМА баёнотида айтилишича, келтирилган рақамлар дастлабки ҳисобланади. Ҳозирда турли минтақаларда баҳолаш ва ўрганиш ишлари давом этмоқда, қурбонлар ва зарар кўлами бўйича маълумотлар янгиланиши мумкин.
Мутахассислар Афғонистон қаттиқ қишки офатларга айниқса заиф эканини, фавқулодда вазиятларга тезкор етиб бориш имкониятлари чекланган ҳудудларда оқибатлар янада оғир бўлишини таъкидламоқда. Расмийлар аҳолини эҳтиёт чораларига амал қилишга чақирмоқда.


