1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Аҳолини рўйхатга олишда ногиронлик бўйича саволлар йўқлиги эътирозларга сабаб бўлмоқда

Экспертларнинг таъкидлашича, расмий статистикада қайд этилган ногиронлиги бўлган шахслар сони реал ҳолатни тўлиқ акс эттирмайди.

Аҳолини рўйхатга олишда ногиронлик бўйича саволлар йўқлиги эътирозларга сабаб бўлмоқда

 

 

Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш режалаштирилган. Жараён давомида фуқароларга жами 71 та савол берилади. Бироқ сўровномада ногиронликка оид саволларнинг киритилмагани жамоатчилик, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари фаоллари эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Газета хабар бермоқда.

 

Экспертларнинг таъкидлашича, расмий статистикада қайд этилган ногиронлиги бўлган шахслар сони реал ҳолатни тўлиқ акс эттирмайди. Тадқиқотчи Дилмурод Юсуповга кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар улуши расман 2,8 фоиз деб кўрсатилмоқда, ҳолбуки халқаро тадқиқотлар бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

 

Ногиронлар ассоциацияси вакиллари аҳолини рўйхатга олиш жараёнида БМТ томонидан тавсия этилган махсус саволларни киритиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини аниқлаш мумкинлигини таъкидламоқда. Бу маълумотлар таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида самарали сиёсат юритиш учун муҳим экани қайд этилди.

 

Газета масъул ташкилотлардан ушбу саволларнинг нега сўровномага киритилмагани юзасидан изоҳ олишга уринган, бироқ Статистика қўмитаси ва халқаро ташкилотлардан расмий жавоб олинмаган. Мутахассислар эса бу масала очиқ қолмаслиги, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам тўлиқ ҳисобга олиниши зарурлигини таъкидламоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика