Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков тўй маросимида қўшиқ ижро этиб, меҳмонлар узатган пулни олаётгани акс этган видео ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат фойдаланувчилар орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.
Мазкур видео юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Вазирлар Маҳкамасига расмий таклиф киритди. Агентлик давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ меъёрлари бузилганини қайд этиб, вазирни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқишни сўради. Шунингдек, унга қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш бўйича огоҳлантириш бериш таклиф қилинди.
Агентликка кўра, амалдаги қонунчилик давлат хизматчиларига педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган ишлар билан шуғулланишни чеклайди. Бундан ташқари, мансабдор шахслар хизматдан ташқари пайтда ҳам давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши лозим.
Маданият вазирлиги эса ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бериб, видео вазирлик ходимларидан бирининг тўйида тасвирга олинганини маълум қилди. Вазирликка кўра, вазир ушбу вазиятни олдиндан режалаштирмаган, тўй маросимларида санъаткорларга пул бериш эса миллий урф-одатларнинг бир қисми ҳисобланади. Шу билан бирга, Аксилкоррупция агентлиги давлат хизматчиларининг хулқ-атвори ва ахлоқий меъёрларига риоя этилиши доимий назоратда бўлишини таъкидлади.


